2021 йилдан дон учун давлат буюртмаси камайтирилади

Президентимиз 2020 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилди.
Унга кўра, “озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” йўналишида 2020 йил 1 октябрдан бошлаб аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилади. Яъни, 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш бўйича механизм ишлаб чиқилади.
“Соҳада давлат иштирокини камайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш” учун 2020 йил 1 мартдан пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этилади.
Жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини танлов орқали бериш, уларга махсус геопортал орқали танловга қўйиладиган ер майдонларини танлаш имкониятини яратиш, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш электрон шаклда амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйишнинг амалдаги тартибини қайта кўриб чиқиб, ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши ва экологик вазиятнинг ёмонлашувини асосий мезонлардан бири сифатида белгилаган ҳолда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бекор қилишнинг шаффоф ва адолатли механизмлари жорий этилади. Жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.
Туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган захира ерларидан ер участкаларининг рўйхати тузилади ва улар танловга қўйилади. Жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш электрон шаклда амалга оширилади.
“Бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш” учун давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий сектор билан ҳамкорликни кучайтириш, вертикал ва горизонтал бошқарув тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича касбий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилади.
Соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва ресурс тежамкор технологияларни қўллаш орқали ирригация соҳаси харажатларини камайтириш ҳисобига илмий-тадқиқот ишларига харажатлар оширилади.
“Илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш” учун 2020 йил 1 мартдан агросаноат мажмуига кирувчи илмий, илмий-тадқиқот ва илмий-тажриба муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказилади. Бунда мажмуа таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади.