2022 йилда Ўзбекистонда МДҲ ПА мажлисини ўтказиш режалаштирилмоқда
Ташриф доирасида Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг мажлисида иштирок этди. Унда Ассамблея фаолиятига оид бир қатор масалалар, шу жумладан ташкилотнинг 2020 йилдаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.
Иштирокчилар МДҲ Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг 2020 йил 6 ноябрдаги ва МДҲ давлат раҳбарлари Кенгашининг 2020 йил 18 декабрдаги қарорлари тўғрисидаги ахборотни эшитдилар. Мазкур ахборот МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев томонидан тақдим этилди.
Шунингдек, Кенгаш аъзолари 2021 йил 27-28 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган IХ Нева халқаро экологик конгресси ва 2021 йил 13-15 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган учинчи Евроосиё аёллар форумига тайёргарлик боришини муҳокама қилдилар. Парламент аъзолари жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган сайлов кампанияларини кузатиш натижаларини ва бошқа қатор масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, Ассамблея ҳузуридаги Иқтисодиёт бўйича эксперт кенгашининг фаолияти, Ҳамдўстликни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш Стратегиясини амалга ошириш бўйича вазифалар кўриб чиқилди.
МДҲ давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисини, аниқроғи МДҲнинг юбилей саммитини Минскда ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди. 2022 йил ноябрда эса, МДҲ ПА мажлисини Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди.