2023 йил суд тизими ислоҳотлари билан бошланди: Ўзгаришлар қайси жиҳатлари билан эътиборли?

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Президентнинг 2023 йил 16 январда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Бу ҳужжатда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган.

Мазкур Фармон билан аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш қайд этилди.

Қолаверса, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг оворагарчилигининг олди олинади.

Эндиликда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, натижасидан ҳам қониқмаган тақдирда, адолат қарор топмади, деб ҳисобласа иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

Мазкур амалиётни жорий этилишидан кўзланган мақсад фуқаролар учун қабул қилинган суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратишдир.

Ушбу тартибни амалиётга жорий этиш орқали фуқароларнинг судларда ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш билан бир қаторда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.

Адҳам Абдиев,

Самарқанд вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судья катта ёрдамчиси.