2024 йил сарҳисоби: Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши керак

Тизимда амалга оширилган ишлар шунга мосми?

Ҳозирги глобаллашув даврида маънавий таҳдидлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини издан чиқариш, тартибсизлик ва парокандаликни вужудга келтириш, халқларнинг қадриятларини обрўсизлантиришга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу нафақат соҳа вакиллари, балки ҳар биримизнинг олдимизда долзарб вазифа турганини англатади.

2023 йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, юртимизда маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида соҳа масъуллари олдига аниқ вазифалар қўйган эди.

Ўтган давр мобайнида бу вазифалар ижроси доирасида республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2024 йил давомида вилоятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида 15 мингга  яқин маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, 350 мингдан ортиқ аҳоли жалб қилинди. Хусусан, “Маънавият фестивали”, “Маърифат улашиб”, “Маҳаллада кино карвон”, “Маърифатли китобхон”, “Ёш китобхон”  тадбирлари ва кўрик-танловлари, “Миллий контент”, “Матонатли йўл”, “Ижтимоий сўровнома” ва “Маънавият оқшомлари” каби маънавий-маърифий лойиҳалар ташкил этилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий фазилатларни тарғиб қилиш бўйича Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимининг “Самарқанд садоси” номли расмий телеграм канали очилди, шунингдек, вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Маърифат шуъласи” номли янги кўрсатув ташкил этилди.

Сентябр ойида бўлиб ўтган вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилишида соҳада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги танқид қилинган эди. Мазкур муаммоларга ечим топиш мақсадида Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ва 16 та туман (шаҳар) бўлинмаси томонидан 448 та корхона, ташкилот ва идоралар билан биргаликда маънавий-маърифий соҳада ҳамкорлик “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

“Самарқанд миллий контентлар” телеграм гуруҳи очилиб, бошқарма, корхона, ташкилотлар ва олий таълим муассасалари томонидан 550 дан ортиқ видеороликлар тайёрланди. 

Бундан ташқари, аҳоли ўртасида тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, дабдабабозликларсиз ўтказиш ҳамда нотинч оилаларни яраштириш мақсадида бириктирилган тарғиботчи ҳожилар ва отинойилар  иштирокида маҳаллаларда тушунтириш тадбирлари амалга оширилди.

“Маънавият секторлари”ни намунали ташкил қилиш бўйича вилоятдан Каттақўрғон шаҳри танлаб олиниб, Республика Маънавият ва маърифат марказига тақдим этилди.

2025 йилда вилоятда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Самарқанд тажрибаси” асосида умумтаълим мактабларининг тарих фани ўқитувчилари ўқитилади, аҳоли, айниқса, ёшларнинг миллий кино, музей ва театрларга мунтазам боришлари йўлга қўйилиб, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда тарихимиз ва миллий қадрятларимизга оид викторина, ўзбек халқ мақолларидан иборат сўровномалар ўтказилади.

Вилоятдаги бошқарма, корхона, ташкилотлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида кутубхоналар ташкил этилади, туман ва шаҳар марказларидаги лед экран ва билбордларга маънавиятни тарғиб қилувчи баннерлар жойлаштирилади. Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади, нотинч оилалар, тарбияси оғир ва ижтимоий дафтарларда турадиган ёшларга катта ҳаёт тажрибасига эга нуроний отахон ва онахонларни ҳамда ҳаж ва умра зиёратини адо этган юртдошларимиз бириктирилади.

Дилшод ИСМОИЛОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.