2024 йил сарҳисоби: Ютуғимиз кўп, ютқазиғимиз ҳам йўқ эмас

Ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар эътиборга лойиқ. Ўтаётган йилда уста-ҳунармандларимиз шунга монанд меҳнат қилди.

Ҳозирги кунда уюшмамиз аъзолари 2 минг 548 нафарга етди. Эътиборлиси, 2024 йилнинг ўзида 1110 нафар ҳунарманд уюшмага аъзо бўлди. Йил давомида жойлардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда “Микрокредитбанк” бўлимлари томонидан 117 нафар ҳунармандга 2 миллиард 213,1 миллион сўм миқдорида кредит, шунингдек "Уста-шогирд" анъанаси асосида мактаб ташкил этган ҳунармандларга шогирд тайёрлаш учун субсидиялар ажратилди. Натижада қўлда гилам тўқиш, заргарлик, миллий қўғирчоқлар, ёғоч ва мис ўймакорлиги, кулолчилик каби ўнлаб ҳунар турлари кенгайди, қўлда тайёрланган маҳсулотлар сони ошди, 6263 та янги иш ўринлари яратилди, "Уста-шогирд" мактабига 2889 нафар шогирд бириктирилди.

Яратилган имтиёзлар туфайли йил давомида ташкил этилган 62 та республика ва халқаро кўргазма ва ярмаркаларда 450 нафар ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Бунинг натижасида ҳунармандларимизнинг чет мамлакатларда ҳам кичик устахоналари ёки “мастер-класс” ўтказувчи майдончалари яратилди.

Ҳунармандчиликка эътиборнинг кучайтирилиши натижасида бу йил 2 нафар ҳунарманд давлат мукофотига сазовор бўлди - кошинкор уста Рауф Тоҳиров “Шуҳрат” медали билан, каштадўз Фотима Азаматова “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Албатта, 2024 йилда ютуқларимиз билан бирга ютқазиқларимиз ҳам бўлди. Жумладан, Самарқанд шаҳрига World kraft kounsil, яъни Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан бериладиган ҳунармандлар шаҳри мақомини олиш бўйича бошлаган ишимиз якунига етмай қолди. Келгуси йилда асосий мақсадларимиздан бири ушбу хайрли ишни амалга ошириш.

Шунингдек, 2025 йилда Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов номли кўчада “Самарқанд кулолчилик маркази”ни ташкил этиш, ҳунар билан шуғулланадиган ёшлар сафини кенгайтириш ҳамда вилоят бўйича 4,5 мингта янги иш ўринлари яратиш олдимизга қўйган мақсадларимизнинг асосини ташкил этади.

Умид Ҳакимов,

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.