2024 йилда Самарқандда деҳқон хўжаликлари учун 8,3 минг гектар ер ажратилади

Вилоятда жами қишлоқ хўжалиги ер майдони 1 677 минг гектарни ташкил этиб, шундан 245 минг гектар суғориладиган, 49 минг гектарини лалми ерлар, 1,3 миллион гектарини яйлов, дарахтзор ва бошқа ерлар ташкил этади.

Бу рақамлар вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбар ва масъуллари 2023 йил вилоятимиз аграр тармоғида бажарилган ишлар ва жорий йилги режаларга бағишланган матбуот анжуманида келтирилди.  

Кейинги беш йилда 46 минг гектар ерлар ўзлаштирилган. Ушбу майдонлардан йилига 390 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда. 2023 йилда эса жами 6 420 гектар ер ўзлаштирилди.

- Жорий йилда 20 минг гектар ер ўзлаштириш режалаштирилган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Бекзод Тугалов. - Ўзлаштирилган ерларга қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, 211,1 минг тоннадан ортиқ қўшимча қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилиши натижасида 33,3 минг та янги иш ўрни очилади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бўлган пахтачилик йўналишида вилоятимиз деҳқонлари 73,2 минг гектар майдондан 265 минг тоннадан ортиқ хомашё йиғиштириб олди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 февралдаги видеоселектор йиғилишида бу йилдан илк бор хориждан келтириладиган чигитни экишга рухсат берилди. Жорий йилда 4,3 минг гектарда юқори ҳосилдор хорижий пахта навларини экиш режалаштирилган.

- 2023 йилда аҳолига 7,5 минг гектар ер ажратилиб, 18,4 мингта деҳқон хўжалиги ташкил этиш ва 98,5 минг нафар (80,2 минг нафар мавсумий) иш ўрни яратилди, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Самад Саидов. - 2024 йилда 8,3 минг гектар ер майдонида деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилиб, 15,3 мингта дехқон хўжалиги ташкил этилади ва 30 минг нафар янги иш ўрни яратилади. Шундан 1332 гектар майдон сабзавотчилик учун режалаштирилган. Тармоқдаги муҳим жиҳатлардан яна бири - Нуробод тумани Сариқул ҳудудида 1400 гектар майдонда картошкачилик хўжалигини ташкил этиш. Аввал сув бўлмаган бу лалми майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида тадбиркорлар томонидан маҳсулот етиштирилади. Қолаверса, узумчиликни ривожлантириш учун вилоятга энг яхши технологиялардан ҳисобланган Олтиариқ тажрибаси татбиқ этилиб, 4700 гектар майдонда узумзорлар барпо этилади. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.