2025 йилдан бошлаб йўл ҳақи учун нақд пул олинмайди
Бу ҳақда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълумот берди.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда автобусларда 2025 йил 1 январдан йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилишдан воз кечилади.
“Бекатларга нақд пулга билет ёки QR-код сотиб олиш имконияти яратилади. Аксарият бекатларга инфокиосклар ўрнатилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR-кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки, кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди”, дейди вазир.
Шунингдек, И.Маҳкамов янги бруто шартнома тизими ҳақида ҳам қисқача гапирган:
«Бу тизимда жамоат транспорти хизматини кўрсатадиган операторларга пул тўлови йўловчиларни ўз вақтида манзилига етказиб қўйгани учун амалга оширилади.
Яқин истиқболда 1294 та автобус сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, асосий эътибор Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида электробуслар ҳаракатига қаратилади. 2030 йилгача автобуслар сонини 5000 тага, электробуслар сонини 2000 тага етказишни мақсад қилганмиз. Шаҳарлар ва туманлар жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда".