2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этди. 

Мазкур Мурожаатнома аввалида давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, сўнгги тўққиз йилда эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимоя кенгайди, қонун устуворлиги мустаҳкамланди. Энг муҳими, ислоҳотлар самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилди. 

Дарҳақиқат, мамлакатимиз қиёфаси, хусусан, аҳоли турмуш даражаси сўнгги йилларда сезиларли даражада яхшиланди. 

Айтиш керакки, жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди. 

Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя борлиги, у ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаати эканлигини алоҳида таъкидлади. 

– Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, – деди Президентимиз. 

2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди.

- Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади. Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш. Шунинг учун кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади, – деди Президентимиз. 

Давлатимиз раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди. 

Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат. 

Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш. 

Давлатимиз раҳбари учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди. 

Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир. 

Бешинчи устувор йўналиш – экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш. 

Олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади. 

2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. 

Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.

Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим эканини таъкидлади. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади. 

– Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги янги йилда янада юксалиши, барча соҳалар замонавий ёндошув асосида янада ривожлантирилиши аҳоли орасида эртанги кунга бўлган ишонч туйғусини янда мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг юксак марраларга элтувчи эзгу ғоялари, узоққа мўлжалланган, самарали, стратегик ислоҳотлари ЎзХДПнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанглиги бизни янада қувонтирмоқда.

Бадриддин Насриев, 

ХДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.