22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик куни
Ҳар йили 22 май куни Халқаро биохилма-хиллик куни нишонланади. Ушбу кун 1995 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан махсус резолюция билан эълон қилинган ва 2001 йилдан буён нишонланиб келинмоқда.
2021 йилнинг кун мавзуси: Биз ечимнинг бир қисмимиз
Биологик хилма-хиллик ёки биохилма-хиллик - бу Ердаги ҳаётнинг хилма-хиллигини барча кўринишларида ифодалаш учун ишлатиладиган атама. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган биологик хилма-хиллик табиий жараёнлар ва антропоген омилларнинг кучайиб бораётган таъсири остида миллиард йиллар давом этган эволюциянинг натижасидир.
Биохилма-хиллик кўпинча ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг хилма-хиллиги бойлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Ҳозирда 1,75 миллионга яқин турлар тасвирланган, уларнинг аксарияти ҳашаротлар каби майда жонзотлардир. Олимлар фикрига кўра, турларнинг ҳақиқий сони тахминан 13 миллионни ташкил этади, аммо бу кўрсаткич турли хил ҳисоб-китобларга кўра, 3 дан 100 миллионгача ўзгариб туради.
Биологик хилма-хиллик ҳозирги ва келажак авлодлар учун катта аҳамиятга эга бўлган глобал бойлик эканлиги тобора кучайиб бораётганига қарамай, инсон фаолияти натижасида ёввойи флора ва фауна турларининг сони тез суръатлар билан камайиб бормоқда.
Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг учта асосий мақсади биохилма-хилликни сақлаш, ундан барқарор фойдаланиш ва генетик ресурслардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган фойдаларни адолатли ва тенг тақсимлашдир. Бугунги кунга келиб ушбу Конвенция 196 мамлакат томонидан ратификация қилинган.
Биологик хилма-хиллик муаммоси - бутун инсониятнинг муаммоси
Биз ичадиган сувнинг сифати, овқатимиз ва нафас олаётганимиз табиатимизнинг соғлом бўлишига боғлиқ. Куннинг “Биз ечимнинг бир қисмимиз” мавзуси ўтган йилги мавзуни давом эттиради ва табиат ва ҳаётни унга мос равишда сақлаб қолиш соҳасида инсониятнинг бирдамлигинини намойиш этиш имкониятини беради.
Биологик хилма-хилликнинг пасайишининг аксарияти инсон фаолияти натижасидир ва иқтисодий ривожланишга жиддий хавф туғдиради. Сўнгги 20 йил ичида олиб борилган жадал саъй-ҳаракатларга қарамай, биологик хилма-хиллик яшаш жойларини йўқ қилиш, табиий ресурсларни ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши, сув ва тупроқнинг ифлосланиши ва инвазив бегона турларнинг пайдо бўлиши каби омиллар туфайли камайишда давом этмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, табиий ресурслар ҳаётни таъминлаш тизимимизнинг асосидир. Генетик ресурсларни, турларни ва экотизимларни муҳофаза қилиш ва сақлаш биологик ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаш учун шошилинч ва ҳал қилувчи ҳаракатларни талаб қилади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.