23 ёшли қиз 12 минг евро грантни қўлга киритди. У даун синдроми бор бўлган болаларга таълим беради

Ҳилола Тўхтамуродова “Дунё сен билан” номли даун синдроми бор бўлган болаларни ҳунар ўрганишларига кўмаклашувчи ижтимоий лойиҳаси учун Европа Иттифоқининг 12 минг евро грантини қўлга киритди.

Гап шундаки, шу йилнинг 20-23 март кунлари Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида ташкил этилган халқаро ёшлар фестивалида Ҳилола даун синдроми бор болалар билан ишлашга қаратилган илмий методик қўлланмаси, шунингдек, мамлакатимизнинг 11 ҳудудида 276 нафар “қуёшли болалар”га ҳунар ўргатгани ҳақида лойиҳа натижаси ва таҳлилларини хорижликлар билан бўлишди.

- Имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Аммо жамият улар билан мулоқотга қанчалик тайёрлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз, – дейди лойиҳа муаллифи. – Аслида даун синдроми бор болалар жуда меҳрибон, сабрли ва оқкўнгил бўлади. Ҳеч қачон ёлғон гапирмайди, ҳаммани бирдек яхши кўради. Ўз оламларида яшашади. Даун синдроми билан туғилган болаларда бошқа болаларга нисбатан ақлий ва жисмоний ортда қолиш кузатилади. Улар ўз оила аъзоларига ўхшагани билан юз тузилиши жиҳатидан фарқланади. Касалликни даволаб бўлмаса-да, даун синдроми билан туғилган болага махсус жисмоний ва ақлий муолажаларни ўтказиб, унинг ривожланишини яхшилаш, жамиятда ўз ўрни бўлиши учун имконият яратиб бериш мумкин. 

Юртимизда бу каби болалар учун ижтимоий лойиҳалар тизимли равишда ташкил этиб келинмоқда. Ўтган йили БМТнинг Тараққиёт дастури иштирокчилари ўзбекистонлик даун синдроми бўлган болалар учун мобил илова ишлаб чиққани эълон қилинган эди. 

Бундай илова ишлаб чиқилишига оилада “қуёшли бола” дунёга келгани бўлган.

- Укамиз туғилганида бу диагноз ҳақида етарлича маълумотга эга эмас эдик. Ота-онам шок ҳолатига тушишганди. Уларнинг тушкунликни енгиб ўтиши жуда қийин кечди. Шундан сўнг синглим билан «Сун Чилд», яъни «Қуёш-бола» мобил иловасини ишлаб чиқдик. Дастурни такомиллаштириш ва уни дунё бўйлаб фойдаланишлари учун чет тилларида ҳам маълумотлар тўплаб дастур қамровини оммалаштириш мақсадидамиз, - дейди Ҳилола Тўхтамуродова.

Маржона Жўрақулова, 

Республика Ёшлар иттифоқ сардори.