24 март - Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни

Самарқанд вилояти аҳолисига жами битта марказ ва силга қарши курашиш диспансери, 14 та силга қарши курашиш бўлимлари ва сил касаллигига ихтисослашган 270 ўринли болалар сиҳатгоҳи хизмат кўрсатади.

Аҳоли орасида сил инфекцияси билан зарарланган шахсларни аниқлаб, хавфли гуруҳга мансуб аҳоли ўртасида бир йилда бир маротаба профилактик тиббий кўрик ўтказиш мақсадида рўйхат шакллантирилди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари  томонидан тасдиқланган рўйхат асосида  2021 йилда сил касаллигининг олдини олиш, эрта аниқлаш ҳамда аниқланган беморларни даволаш самарадорлигини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режаси тузилди. Ушбу режага кўра жойлардаги фтизиатрлар билан хамкорликда профилактик тиббий кўрикларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Вилоятдаги аҳоли ўртасидаги 1-14 ёшгача бўлган болаларда сил касаллигининг олдини олиш ва эрта аниқлаш мақсадида иммунодиагностика (туберкулин ва диаскен синамалари) усулларини самарали ўтказиш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманлар кесимида фаолият кўрсатаётган ҳамшираларни 2021 йил март ойида режали равишда вилоят силга қарши курашиш базасида иммунодиагностика усулларини амалиётга тадбиқ этиш бўйича муддатли ўқишни ташкил этиш режаси кўзда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори ижросини  таъминлашда вилоятнинг шаҳар ва туманлар аҳолиси орасида бирламчи тиббий текширувларни ўтказишга масъул бўлган фтизиатрлар томонидан дастлабки тиббий текширувлар: умумий қон таҳлили, умумий сийдик таҳлили ва паталогик орган (кўкрак қафаси)ни нурли диагностика таҳлиллари асосида стандарт йўлланма расмийлаштирилиб, беморни вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказига юборилиши ташкил этилди.

Шунингдек, вилоятнинг 37 ва 38-сонли колонна муассасаларида жазони ижро этувчи маҳкумларни сил касаллигига доир тиббий текширув ўтказишда марказимиз тиббиёт ходимларидан алоҳида малакали мутахассис ажратилиб келинмоқда.

Вилоят аҳолиси орасида юқори нафас йўллари ва ўпкадаги носпецифик касалликларни диагностика ва даволашда тиббий хизматни ташкил этиш бўйича 2021 йилдан вилоят марказида таркибида 60 ўринли алоҳида пульмонология бўлими ташкил этилди.

Абдували Ашуров,

вилоят фтизиатрия ва пульмонология

маркази бўлим мудири.