26-сонли мактабда ҳам байрамга пул йиғилгани рад этилди

Жорий йилнинг 5 март куни SamTVR ижтимоий тармоғида ёритилган Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 26-умумтаълим мактабида турли сабаблар билан пул теримлари бўйича хабар берилган эди.
Салбий ҳолат юзасидан шаҳар халқ таълими бўлимининг 5 мартдаги 55-б-сонли буйруғи асосида ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш олиб борилганда қуйидаги аниқланди.
Жумладан, мақолада келтирилган важларни ўрганиш мақсадида ўқитувчилардан ижтимоий сўравнома ўтказилди. Мактаб маъмурияти, асосий ва ўриндош сифатида фаолият юритаётган 40 нафар педагог ходимлардан сўровномада 33 нафари иштирок этди.
Сўровнома натижасига кўра, 33 нафар иштирокчиларнинг барчаси мактабда ҳеч қандай пул йиғимлари йўқлигини билдиришди.
Мақолада келтирилган мактабда ўқитувчилар мукофот пулларига эгалик қилолмаётганлиги юзасидан ноябрь ойида мактаб директорининг 2019 йил 27 ноябрдаги 62-сонли буйруғига асосан 14 нафар ўқитувчиларга 19 млн.сўм мукофот пули ажратилган. Ушбу ўқитувчилардан 13 нафари билан суҳбат ўтказилди.
Натижада, уларнинг барчаси мукофот пулларини ўзлари олганлигини ва ўзларининг эҳтиёжлари учун ишлатганлигини тушунтириш хатларида билдириб ўтди.
Хулоса ўрнида шуни маълум қилиш керакки, ижтимоий тармоқларда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади.