26 ёшли энаганинг ишлаб турган хонадонда ўғирлик содир этганлиги аниқланди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимига туманнинг Мўлканлик маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Ф.Қ. мурожаат қилиб, уйини ўғри уриб кетганлигини билдирган.

Маълум бўлишича, кимдир аризачининг уйидаги темир сейф эшигини калит танлаш йўли билан очиб, 2 миллион 100 минг сўм ҳамда 100 АҚШ долларини олиб кетган.

Тезкор суриштирувлар натижасида мазкур жиноятни Жиззах шаҳри, Оққўрғонлик маҳалласида яшовчи, турмушга чиқмаган, 1994 йилда туғилган Д.М. содир этганлиги аниқланди. У жиноят юз берган турар жойда энага бўлиб ишлаган ва имкон туғилиши билан вазиятдан фойдаланган.

Айбланувчидан 2 миллион 100 минг сўм, 100 АҚШ доллари ҳамда сейф калити ҳужжатлаштириб олинди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.