273 нафар самарқандлик чет давлатлардан депортация қилинган
Одам савдоси жиноятидан жабрланган 34 киши Республика реабилитация марказига юборилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маълум қилди.
Қайд этилганидек, вилоятда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш ва бундан жабр кўрганларга ижтимоий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида вилоят бўйича одам савдоси билан боғлиқ 8 та жиноий ҳолатлар аниқланиб, мазкур жиноятларни содир этган 10 нафар шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши таъминланган.
Ҳисобот даврида чет давлатлардан турли хил сабабларга кўра, депортация килинган 273 нафар шахслар билан якка тартибда профилактик ишлар олиб борилиб, улар билан боғлиқ барча муаммоларнинг комиссия аъзолари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилган.
Бунда уларнинг одам савдоси қурбони бўлган-бўлмаганлигини ҳамда қайси йўллар билан чет давлатларга, кимларнинг кўмагида чиқиб кетганликларини аниқлашга ва депорт қилиниш сабабларини мукаммал ўрганишга қаратилган.
Шунингдек, 34 нафар одам савдоси жинояти жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказига юборилиши таъминланган.
Йиғилишда фуқароларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолиши, турли уйдирмаларга ишониб, бойлик орттириш мақсадида чет давлатларга чиқиб кетишларининг олдини олиш ва уларни огоҳлантириш ҳамда ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида 23 минг 103 та плакат ва бошқа тарқатма материаллар тарқатилган.
“Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш” мавзусидаги плакатлар чегара ҳудудларида, бозорларда ва аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган. Аэропорт ва темир йўл вокзалларида четга чиқиб кетаётган ва кириб келаётган фуқаролар тақатма материаллар билан таъминланган.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Ё.ГАДОЕВ.