284 минг хонадонга ҳисоблагич, 576 минг газ баллонга стикер ўрнатилди
Бу билан ҳар бир истеъмолчи ўзининг кунлик истеъмолини онлайн назорат қилиш имконияти пайдо бўлди.
Бундан ташқари, 483 минг истеъмолчи фойдаланадиган 576 мингдан ортиқ маиший газ баллонларга стикерлар ўрнатилиб, истеъмолчиларга ID карталар тарқатилди ва E-Gaz тизимига уланди. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ҳолатини онлайн назорат қилиш имконияти яратилди.
Бу ҳақда “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган очиқ мулоқотида айтилди. Шунингдек, унда филиал раҳбари ўринбосари Хуршид Мелиев оммавий ахборот васиталари вакиллари ва мулоқот қатнашчиларига соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Коррупциянинг олдини олишда профилактика жараёнлари муҳим ўрин тутади. Шу боис, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизимида моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга ошириш бошқармаси ташкил этилди. Ҳудудлардаги бўлимларга 6 нафардан мутахассислар ишга жалб қилинди. Бўлим ходимлари томонидан жойларда мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказиляпти. Бугунгача газ таъминоти бўлимлари ва газ тўлдириш шохобчаларида 152 та учрашувлар ўтказилди ва тушунтиришлар олиб борилди.
- Албатта, бу билан соҳада коррупцион ҳолатлар батамом барҳам топди, деб бўлмайди, - дея таъкидлади Х.Мелиев. - Ҳали-ҳануз жойларда айрим нопок ходимлар томонидан лавозим йўриқномасини бузиш, ўғирлик содир этиш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ургут, Тойлоқ, Пайариқ, Паст Дарғом тумани ва Челак шаҳри ҳудудида истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб берувчи 4 нафар “ИСУЗУ” ҳайдовчиси ва 4 нафар чилангар билан лавозим йўриқномасини бузиш ва ноқонуний хатта-ҳаракатлари оқибатида меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Рақамли иқтисодиётга “коррупция кушандаси”, дея таъриф берилади. Иқтисодиётда шу каби рақамли технологиялардан фойдаланиш, давлат хизматлари тизимини ривожлантириш ва хизмат сифатини яхшилашга, шунингдек, уларнинг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.