2984 та хўжалик юритувчи субъект нега ҳисобот топширмади?

Ҳисоботларни ўз вақтида ва тўғри топширган интизомли солиқ тўловчиларининг фаолияти доимо унумли бўлади.
Жорий йилнинг январь ойида Самарқанд вилояти бўйича жами 34 минг 596 хўжалик юритувчи субъект жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботларини топшириши керак эди. Амалда 28 минг 390 субъект ҳисоботларни солиқ ҳисоблаган ҳолда топширган. 3222 хўжалик юритувчи субъект эса “ноль” ҳисобот топширган. 2984 хўжалик юритувчи субъект ҳисоботларни тақдим қилмаган.
– “Ноль” ҳисобот топширган 19 та хўжалик юритувчи субъектдан 53 нафар ходим учун қайта ҳисоботлар олинди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси камерал назорат бўлими бошлиғи Равшан Имомов. – Масалан, Иштихон туманидаги “Hidoyat ziyosi” корхонаси 15 нафар, Самарқанд шаҳридаги “Amirjon komfort stil” масъулияти чекланган жамияти 6 нафар, Ургут туманида фаолият юритувчи “Binokor star” масъулияти чекланган жамияти 6 нафар, “To‘ti Xoliqova” хусусий корхонаси 4 нафар ходим учун қайта ҳисобот топширди. Қайта олинган ҳисоботлар натижасида 46 миллион 491 минг 616 сўм иш ҳақи фондидан 5 миллион 703 минг 193 сўм 9 тийинлик даромад солиғи ҳисобланди.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.