4 миллион сўмдан бошланган ишдан, бир йил ўтиб 400 миллион сўм даромад келтирган бизнесгача

Бу ишнинг уддасидан чиққан тадбиркор Паст Дарғом тумани Жоул Қосим маҳалласида яшайди. У бунга ишбилармонлиги, ишчанлиги, изланувчанлиги билан эришган.

Тадбиркор Ғиёс Аъзамов бундан 2-3 йил аввал деворларни пардозловчи оддий уста эди. Шунингдек, у томорқасида деҳқончилик ҳам қиларди. Бир куни ҳовлисидаги икки бош қорамолини сотиб, пулига чувалчанг олиб келади ва биогомус етиштириш билан шуғуллана бошлайди.

Дастлаб, 4 миллион сўм эвазига 5-6 метр квадрат майдонда биогомус етиштириб, 40-50 миллион сўм даромад қилдим, - дейди Ғиёс Аъзамов. – Кейин маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси маслаҳати билан оилавий корхона ташкил этдим. Бу ишни қўни-қўшниларимга ҳам ўргатдим. Биогомус етиштириш бўйича туманимизда таъминотчига айландим.

Шунингдек, у 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, қудуқлар учун бетон деворлар ва уларга мўлжалланган қолиплар тайёрлашни йўлга қўйди.

- Буларга қўшимча эгилувчан тош, яъни биноларнинг фасад қисми учун девор безаклари тайёрлашни йўлга қўйдик, - дейди тадбиркор. – Бу маҳсулотнинг тошлари Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан келтирилади. Тошлар махсус материалга елимланиб, турли рангдаги безаклар пайдо бўлади.

Бугунги кунда Ғиёс Аъзамов тадбиркорлик фаолиятини 3 йўналиш бўйича олиб боряпти ва даромад ҳам шунга яраша.

- 4 миллион сўм билан иш бошлаган мазкур оилавий корхонамизнинг айланма маблағи бир йилда 400 миллион сўмдан зиёдроқни ташкил этди, - дейди у. – Асосийси, ҳар бир йўналишда 5 нафардан ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминладик.

Ғиёс Аъзамов қайси йўналишда фаолият олиб бормасин, шогирд тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиши бизни қувонтирди. Биргина мисол, бугунги кунда маҳалланинг қайси кўчасидан ўтманг, кўпгина хонадонларда қудуқлар учун махсус бетон деворлар тайёрланаётганига гувоҳ бўласиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Жасурбек ШУКУРОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.