40 кунда 16 миллион туп дарахт экамиз
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида кўчат экиш, боғлар ташкил этиш ишлари олиб бориляпти.
Бу хайрли ишга туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, аҳоли вакиллари, таълим муассасалари жамоалари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Жумладан, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси, Самарқанд тумани ҳокимлиги, Агроинспекциянинг туман бўлими ходимлари Самарқанд туманида дарахт кўчатлари экиш ишларида иштирок этди. Бу ишларда соҳа ходимлари тумандаги фермер хўжаликлари далаларига 165 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчат экмоқда.
Декабрь ойининг биринчи ўн кунлигигача давом этадиган кўчат экиш ишлари Пахтачи туманида ҳам олиб борилмоқда.
- М-37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” халқаро йўлининг туманимиз ҳудудидан ўтган 30 километр қисмида 10 минг туп кўчат экишни режалаштирганмиз, - дейди “Самарқандйўлқурилиш” унитар корхонаси туман участка бошлиғи Абдуҳамид Искандаров. – Ҳозирда кунига 250-300 тупдан арча, қарағай ва садақайрағоч каби манзарали дарахт кўчатлари экяпмиз. Ҳудуд ободончилиги ва кўчат экиш ишларида аҳоли вакиллари ҳам фаол қатнашмоқда.
Самарқанд тумани шаҳарнинг яшил белбоғи ҳисобланади. Туман халқ таълими бўлими ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги 54 та мактабнинг бўш турган майдонларида кўчат экмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, мактабларда 15,5 гектарга яқин бўш майдон бор. Шу майдонларга 13,5 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш мумкин.
Туманнинг Юқори Туркман маҳалласида жойлашган 1-мактаб ҳудуди 1 гектарни ташкил этади ва муассасанинг бўш турган майдонида дарахт экиш ишлари давом этмоқда.
- Ҳозиргача мактабимизда 6 сотихлик яшил майдонимиз бор эди, - дейди мактаб директори Дилдора Шукурова. – Ҳисоблаб кўрсак, мактабнинг спорт майдончаси атрофига анчагина дарахт экиш имкони бор. Сув йўлини ҳисобга олиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экяпмиз.
Маълумот учун: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят бўйича 16 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.