44 минг нафар ёшлар спорт мураббийларига бириктирилиши лозимлиги айтилмоқда
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Феруз Аблаёров бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Самарқандда бўлиб турибди.
Ишчи гуруҳ иштирокида ўтказилган йиғилишда бошқармалар томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар, соҳадаги муаммо ва камчиликлар, жорий йилги режалар ва “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг янги мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари атрофлича муҳокама қилинган.
Ф.Аблаяровга кўра, 1 апрелга қадар “Беш ташаббус олимпиадаси”да қатнашиш истагини билдирган ёшлар рўйхатини шакллантириш ва мусобақалар ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш лозим. Шунингдек, “Ёшлар баланси” орқали қизил тоифага ажратилган ва унга кўра, ушбу тоифага мансуб 44 минг 855 нафар ёшларни спорт мураббийларига бириктириш, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2775 нафар ёшларга амалий ёрдам бериш ва дафтарга кириш истагини билдирган 140 нафардан ортиқ ёшларнинг аризасини ўз вақтида кўриб чиқиш керак.
Ташриф давомида Тойлоқ, Пайариқ ва Ургут туманларидаги спорт иншоотларининг ҳолати, ёшлар етакчиларининг фаолияти ўрганилиб, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган. Айни пайтда ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.