5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади
Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилиши айтилди. Жумладан:
- камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;
- камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади;
- 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.
Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади. Хусусан:
- улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди;
- уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;
- қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди;
- барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;
- божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.