5 ташаббус – эртамиз эгалари истиқболи

Самарқанд шаҳридаги 20-умумий ўрта таълим мактабида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ўз ичига олган шу мавзудаги фестиваль ўтказилди.

Унда ёш рассомлар, спортчилар, дастурчилар эришган ютуқларини,  зукко китобхонлар билимларини, моҳир қўл соҳиблари ўзлари ясаган буюмларни намойиш этди.

- Мактабимизда 959 нафар бола таълим олади, - дейди мактаб директори Матназар Ғойибназаров. – Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қизиқиши, истеъдоди бор. Илгари сурилган мазкур ташаббус айнан болаларнинг қобилиятларини мактаб давридан шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ҳунар, санъат, китобсеварлик, спортга ошна бўлиш орқали маънавиятини, маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Фестиваль доирасида Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб ўқувчилар томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.