500 дан зиёд медаллар жамғармаси бор отахон

Пайариқ туманидаги “Жавшар ота” маҳалласида Олимжон бобо Ёқубжонов истиқомат қилади.

Отахон ўтган умри давомида мингга яқин турли кўринишдаги медалларни тўплаб келди. Ҳозирда унинг уйида ана шу медалларнинг 576 таси сақланиб келинмоқда.

- Ёшлигимдан медаль, танга ва шунга ўхшаш нарсаларни тўплашга ҳаракат қилиб келганман, - дейди Олимжон Ёқубжонов. - Жамғармамда бугунги кунда шаҳар тимсоллари, олимпиада рамзлари, ўқувчиликда, талабаликда бериладиган, ҳарбий хизматдаги,  биринчи ва Иккинчи жаҳон урушига оид медаллар бор.

Тўғрисини айтсам, бу медаль ва рамзлар бир йил ёки икки йилда тўпланган эмас. Бунга йиллар кетган, десам хато бўлмайди. Ўзим Украина педагогика институтининг рус филологиясини битирганман. Ўқиш давомида Россиянинг кўплаб шаҳарларида бўлганман. Ўша вақтлари ҳам қаерга борсам, медаль йиғишга ҳаракат қилганман. Кўплар шунда менга айтарди: “Нима қиласан бу темир-терсакни шиғирлатиб”. Ўшанда нима дейишни билмай елка қисиб қутулганман. Ҳозир шу медалларни кўрсам, қайсини қаердан олганлигим бирданига кўз ўнгимда гавдаланаверади. Худди олган жойимга бориб қолгандай ҳис қилавераман ўзимни.

33 йил мактабда рус тили фанидан сабоқ бердим. Ўқувчиларга бу медалларни кўрсатиб дарс берган кунларим ҳам кўп бўлган. Чунки бу медалларнинг ўзи бир дарс. Бугун нафақага чиққан бўлсам-да, уйимга ёшлар, ўқувчилар медалларни томоша қилишга тез-тез келиб туради.

Олимжон аканинг ёшлигидан медаль тўплаб юришлари кўпчилик учун оддийдек кўринар. Лекин бу фазилат ёшларимиз учун ибрат олса арзигулик.

Ҳусниддин Холдоров.