5,5 млрд сўмлик электр ўғрилиги: Тойлоқда электрдан ноқонуний фойдаланган майнинг ферма аниқланди

«Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар беришича, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Тойлоқ туманида 5,5 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермани аниқлаган.

Маълум бўлишича, туманнинг «Чорағбон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро тижорат мақсадида 55 та тўпламдаги майнинг қурилмасини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, ноқонуний фойдаланиб келган.

"Ушбу қоидабузарлик оқибатида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 5 млрд 528 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди", дейилади хабарда.