6 ойлик сарҳисоб: Қишлоқ хўжалигида қандай натижаларга эришилди?
Самарқанд вилоятида жорий йилнинг биринчи ярим йилида қишлоқ хўжалик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 триллион сўмни (104,2 фоиз), ЯҲМдаги улуши 28,6 фоиз, аҳоли жон бошига 4,3 миллион сўмни ташкил этди.
Йил якунига қадар яна 53,5 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Ҳозирда соҳада 600 мингдан ортиқ аҳоли банд ва йил бошидан буён 71,3 мингта иш ўрни яратилди.
Ҳар бир соҳанинг ривожланишида сармоя муҳим ўрин тутади, жумладан қишлоқ хўжалигида ҳам. Инвестиция дастури доирасида йил давомида 4,7 триллион сўмлик 288 та (шундан 15 таси хорижий инвестиция) лойиҳа амалга оширилиш белгиланган ҳолда йилнинг биринчи ярмида қиймати 307 миллиард сўмлик 62 та лойиҳа амалга оширилди.
- Бундан ташқари, туман бўлимларимиз билан биргаликда қиймати 52 миллион доллар бўлган 27 та маҳаллий ва хорижий инвестиция лойиҳалари шакллантирилди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси шуъба бошлиғи Тойир Дувланов. - Жумладан, Булунғур туманида “Qiyang international agroinvest” МЧЖ томонидан қиймати 5 миллион долларлик маккажўхори етиштириш лойиҳаси доирасида 670 минг доллар ўзлаштирилди. Йил якунигача 4,3 триллион сўмлик 203 та лойиҳа амалга оширилади.