60 минг доллар эвазига уч нафар фуқарони Мексика орқали АҚШга ўтказиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди
Самарқанд тумани “Шолғомон” маҳалласида яшовчи 48 ёшли С.Д. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, Д.А. исмли шахс уни ва дугонаси У.Н.ни ҳамда таниши Д.Ф.ни ноқонуний йўллар билан Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатлари ҳудудига ўтказиб беришини айтган. Бунинг эвазига ҳар бири учун 20 минг АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 60 минг АҚШ доллари пул талаб қилган. Шунинг учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу мурожаат юзасидан 24 январь куни соат 17:00 ларда Самарқанд шаҳар Университет хиёбони яқинида вилоят ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш ва ДХХ вилоят бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир жараёнида фуқаро Д.А. С.Д.дан фирибгарлик йўли билан 60 минг АҚШ долларини қонунга хилоф равишда қўлга киритган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ундан мавжуд 60 минг доллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Д.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.