66 йил олдин бир-биридан ажратилган эгизаклар учрашди
Баъзида эгизакларнинг бир-бири билан жуда чамбарчас боғлиқлиги ҳақидаги ҳикоялар шунчаки фантастик кўринади.
Женнифер ва Кетлин Жанубий Йоркширнинг Ротерҳем шаҳрида туғилган. Чақалоқлар туғилганоқ ажратилди, уларнинг бутун ҳаёти бир-биридан атиги беш километр узоқликда ўтди, лекин улар бу ҳақда ҳатто гумон қилишмасдан умргузаронлик қилган.
Опа-сингилларнинг тўсатдан бирлашишига ITV инглиз телеканалидаги “Паришон бўлган оила” (Long Lost Family) кўрсатуви сабабчи бўлди. Улар бутун умри давомида бир-бирига жуда яқин яшаганликларини билиб олиб, ҳайрон қолишди. Аниқланишича, улар ҳатто битта шифокор назоратида бўлган экан, ҳатто фарзандлари ва неваралари бир драма тўгарагида қатнашган. Узоқ йиллик айрилиққа қарамай, қариндошлар дарҳол яқинлашдилар. Уларнинг сўзларига кўра, энди уларнинг ҳаёти фақат яхши томонга ўзгаради. Ҳозир улар 80 ёшдан ошган ва кўп вақтларини бирга ўтказишади ва оилалари билан мулоқот қилишади. Кекса аёллар бир-бирларини топганларидан жуда хурсанд.
Онаси нима сабабдан қизларини ташлаб кетишга қарор қилганини ҳеч ким билмайди. Ўшанда у жуда ёш бўлган ва қийин вазиятга тушиб қолган экан. Эҳтимол, қариндошлари уни қўллаб-қувватламагандир.
Жэнниферни онасининг уйи яқинида яшовчи оила асраб олган. Кэтлин туғилган жойидан уч чақирим узоқликда яшайдиган фарзандсиз эр-хотиннинг қизига айланган.
Женнифернинг айтишича, у кичкиналигида ўз онаси билан мулоқот қилган. Унинг исми Ева Милнс эди ва ҳамма уни оиланинг дўсти деб атарди. 11 ёшида Женниферга ҳақиқатни айтишди - унинг амакиваччаси оғзидан “гуллаб” қўйди. У қизнинг эгизак синглиси ҳам борлигини айтди. Кетлин эса ҳеч нарсани билмас эди, чунки ўзини оиладаги ягона фарзанд деб ҳисобларди.
Опа-сингиллар биринчи учрашувданоқ ўзаро яқинликни ҳис қилишди. Кетлин ҳар доим ўзида ғалати туйғу билан яшаб келганини айтди. Жэннифер ҳам умр бўйи қаердадир синглиси борлиги ҳисси билан юрганини таъкидлади. Уларнинг сўзларига кўра, эгизаги билан учрашгандан сўнг улар ўзини тўлақонли одам сифатида ҳис қила бошлаган.
Энди опа-сингиллар йўқотилган йилларни тўлдиришга ҳаракат қилиб, кўпинча вақтларини бирга ўтказади. Ҳар чоршанба куни улар харид қилиш, сайр қилиш ва қаҳва ичиш учун чиқишади. Шуниси эътиборга лойиқки, улар ташқи кўринишида ўхшашлиги билан бирга, кўпинча бир вақтда бир хил ибораларни айтадилар ёки бирининг кам-кўстини бири тўлдириб туради. Фарзандлари кўп йиллар ўтиб аёллар айрилмас бўлиб қолганидан, уларнинг ҳаётида яқин одамлар ҳам пайдо бўлганидан жуда хурсанд.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.