78-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова томонидан Самарқанд шаҳридаги 78-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида аниқланган муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Мактабгача таълим вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги 186-сонли “Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2021 йил 4 мартдаги 122-Қ-сонли қарори асосида Самарқанд шаҳридаги 78-сон ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти турига айлантирилган.

Ўрганишда бола ҳуқуқлари бўйича вакили А.Юнусова томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этилиши ва таълим сифати, ишчи ходимлар билан меҳнат шартномалари тўғри тузилганлиги, ҳамшира томонидан кунлик юритилиши лозим бўлган меъёрий хужжатлари танқидий ўрганилди. Ўрганиш натижаларида аниқланган камчиликлар юзасидан 78-сон кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти директори Н.Қурбоновага бошқарма бошлиғининг 2021 йил 19 майдаги 261-“Қ”-сонли Меҳнат кодексининг 181-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ “ҳайфсан” интизомий жазо чораси берилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан ушбу таълим ташкилотининг том қисми, гуруҳ хоналари ва оқова сув тармоқларини таъмирлаш ҳамда қаттиқ, юмшоқ, хўжалик жиҳозлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъминланиши бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.