85 нафар солиқчи нега ишдан бўшатилган?
Вилоят Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессиясида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг маълум қилишича, вилоятда солиқ органларида ишловчи 85 та штат бирлиги қисқартирилган.
Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги фармони билан солиқ органларининг маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш учун қўшимча маблағ ажратилиши ҳамда соҳада ахборот технологияларни кенг жорий қилиши ҳисобига 10 фоиз штат бирлиги (Самарқандда 85 та штат бирлиги) қисқартирилди.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, вилоятимиздаги қарийб 8,5 мингта қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг маъмурчилиги 2020 йилнинг 1 августида ҳудудий давлат солиқ инспекцияларидан давлат солиқ бошқармасига ўтказилди. Бугунги кунда ҚҚС тўловчилари сони 12 мингтадан ошди. Қўшилган қиймат солиғидаги ортиқча тўлов ҳисобидан корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларига 269 ҳолатда 320,5 миллиард сўм миқдорда маблағ (шундан умумий тартибда 215 ҳолатда 277,9 миллиард сўм ва тезлаштирилган тартибда (экспортёрларга) 54 ҳолатда 42,5 миллиард сўм) қайтарилди.