Жомбойлик солиқчи тадбиркорнинг пулини бермасдан сохта маълумотлар асосида уни маъмурий жавобгарликка тортган

Ҳолат юзасидан солиқчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳамда уларни ноқонуний текширилишига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлишига қарамасдан, аслида тадбиркорга кўмакчи бўлиши лозим бўлган солиқ органлари томонидан уларга амалий ёрдам бериш ўрнига, фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари давом этиб келмоқда.

Мисол учун, Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 2020 йил март ойида тумандаги масъулияти чекланган жамиятидан мебель жиҳозлари олиб, пулларининг бир қисмини бермаган. Шу сабабли, жамият раҳбари юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган. Бунинг учун қасд олиш мақсадида ДСИ бошлиғи сохта маълумотлар асосида жамиятда сайёр текширув ўтказиб, унинг раҳбарини маъмурий жавобгарликка тортган.

Ҳолат юзасидан 2021 йил 30 январь куни жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Умуман, фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 2020 йилда вилоят давлат солиқ хизмати органларининг 458 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Вилоят ҳамда ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимларининг ҳаракатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан қилинган мурожаатлар асосида 15 марта хизмат текшируви ўтказилган.

Хусусан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар, Пайариқ, Пахтачи, Булунғур, Нарпай, Жомбой тумани давлат солиқ инспекциялари ходимларига нисбатан 1 тадан, Оқдарё, Ургут, Самарқанд тумани давлат солиқ инспекциялари ҳамда вилоят бошқармаси ходимларига нисбатан 2 тадан мурожаат келиб тушган.

2020 йилда вилоят прокуратураси органлари томонидан солиқ идораларининг ноқонуний ҳужжатларига 21 та протест келтирилган. Шунингдек, 25 та тақдимнома киритилиб, 3 нафар солиқ ходими маъмурий, 18 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.

Ўткир Маматқулов,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.