"Абитуриент-2024": Тест синовларининг биринчи куни 8 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди
Аввал хабар қилганимиздек, тест синовлари Самарқанд вилоятида 7 та катта сиғимли биноларда бўлиб ўтмоқда.
Имтиҳоннинг биринчи куни 1-навбат соат 08.00 дан 11.00 гача, 2-навбат соат 15.00 дан 18.00 гача давом этди.
- Абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 8 нафар бино раҳбари, 272 нафар гуруҳ назоратчиси ҳамда эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларга хизмат кўрсатиш учун 11 нафар сурдотаржимон бириктирилди, - деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев. - Жараённи беталафот ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан 126 нафар, Миллий гвардиядан 86 нафар, ёнғин хавфсизлигидан 37 нафар, соғлиқни сақлаш тизимидан 21 нафар ходим жалб этилди.
Тест синовларининг 1-навбатида иштирок этиши режалаштирилган 3540 нафар абитуриентдан 2917 нафари, яъни 82,4 фоизи, 2-навбатида иштирок этиши режалаштирилган 3540 нафар абитуриентдан 3291 нафари, яъни 93 фоизи қатнашди.
Тест синовларининг 1-навбатида 5 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди, шундан 3 нафари жавоблар варақасига шикаст етказганлиги, 2 нафари шпаргалкадан фойдаланганлиги учун чиқариб юборилди.
Тест синовларининг 2-навбатида 3 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди, шундан 2 нафари тест топшириқлари китобига шикаст етказганлиги, 1 нафари шпаргалкадан фойдаланганлиги учун имтиҳонни давом эттиролмади.