Адлия вазирлиги ноқонуний пул ундираётган фирибгарлардан огоҳлантирди

Аҳоли орасида, айниқса туманларда махсус формали кийим-бош кийиб юрган ёки шу кийимга жуда ўхшаш кийимдаги шахслар ўзларини “давлат ёнғин назорати органи ходими” сифатида таништириб, фуқаролардан йиллик 20 минг сўмдан 40 минг сўмгача мажбурий тарзда солиқ ёки коммунал тўлов сифатида ноқонуний пул йиғаётгани ҳолатлари кузатилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан номида «ёнғин», «олов», “қарши кураш”, «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича Адлия вазирлиги айрим шахслар томонидан ўзларини “давлат ёнғин назорати органлари ходими” сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз: фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозим:

- совуқ сув таъминоти;

- иситиш ва иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);

- электр таъминоти;

- газ таъминоти;

- канализация (истеъмолчи уланган бўлса) таъминоти.