Адлия вазирлиги: Тадбиркорлар томонидан ҳисоботларни топшириш тизими соддалаштирилди

Давлат раҳбарининг 2023 йилнинг 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган “очиқ мулоқот”да берилган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлардан ҳисобот ва статистик маълумотларни талаб қилиш тизимининг тартибга солиш таъсири баҳоланди.

Баҳолаш натижасида ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан қуйидагилар белгиланди:
– бир-бирини такрорловчи ҳамда тегишли ахборот тизимларида мавжуд ҳисоботлар бекор қилинди. Натижада ҳар йили 21,5 минг нафар тадбиркорнинг 500 млн сўм миқдордаги молиявий харажатлари тежалади;
– тадбиркорлар томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботларнинг 46 фоизга қисқартирилган ягона рўйхати тасдиқланди. Ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни талаб қилиш тақиқланмоқда;
– Ягона ҳисоботлар тизими жорий қилинади. Бунда ҳисоботлар электрон тизимлардаги маълумотлар асосида автоматик тарзда шаклланади ва давлат органларига юборилади;
– ҳисоботларни қоғоз шаклида топшириш тартиби бекор қилиниб, фақат ахборот тизимлари орқали тақдим этилади.

Мазкур тартиблар жорий этилиши натижасида ҳар йили тадбиркорларнинг ҳисобот топшириш билан боғлиқ 550 млрд сўмдан ортиқ харажатлари  тежалади.