“Адолат” депутати бир оиланинг қувончига сабаб бўлди

Бу бежиз эмас. Чунки халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига “Адолат” СДПдан депутат этиб сайланган Дилфуза Камолова сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан тез-тез хабар олиб туради. Аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, мулоқотлар жараёнида уларнинг муаммоларини тинглаб, амалий ёрдам кўрсатади.

Хусусан, яқинда Самарқанд шаҳридаги Амир Темур номли, “Эски Қаландархона”, “Устозлар” маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи "Темир дафтар"да рўйхатда турувчи 30 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва якка-ёлғиз қариялар хонадонида бўлиб озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

Шунингдек, сайловчиларнинг мурожаатига кўра, “Эски Қаландархона” маҳалласи Регистон майдонига яқинлиги, чет давлатлардан сайёҳларнинг ташрифини эътиборга олган ҳолда маҳалла биносининг бир қисмини таъмирлаш зарурлиги бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда тадбиркорларни жалб қилиш бўйича ҳам келишиб олди.

“Иброҳимхўжа” маҳалласи ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш ва асфальт қилиш масаласида вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови жўнатиб, ижросини назоратга олди. Мазкур ташкилот бош мутахассиси А.Бекпўлатов билан суҳбатлашиб, ички йўлларни таъмирлаш масаласида фуқароларга тушунчалар бериб ўтди.

Ўзи тиббиёт соҳасининг одами бўлгани учунми сайлов округи ҳудудидаги касалмандлар, ногиронлиги бор фуқаролар депутатнинг эътиборидан четда қолмайди. Яқинда “Эски Қаландархона” маҳалласи Сўзангарон кўчасида Ўғилой Мансурова саломатлигини тиклаш учун амалий ёрдам зарурлигини айтиб қилган мурожаати асосида кўмак бериш йўлларини ахтарган депутат фуқарога ўсиб борувчи миома хасталигини даволашда зарур бўлган жарроҳлик амалиётини ўтказишга ҳомийлик қилди. Депутат ташаббуси бир оиланинг қувончига сабаб бўлди. 

Халқ фаровонлиги, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашда, тараққиётнинг янги босқичларига дадил қадам босишимизда депутатларимизнинг бу каби хайрли ишлари, ташаббуслари фуқароларнинг ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига, уларни эртанги кунга ишонч билан боқишларига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Зилола Дўсанова,

“Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси.