“Адолат” партиясининг раддиясига “Миллий тикланиш” партияси ходими жавоб қайтарди
“Адолат” партияси Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблаб, сайловолди дастурида “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчирганини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
“Адолат” партияси матбуот хизматининг ушбу раддиясига “Миллий тикланиш” партияси марказий кенгаши ходими муносабат билдирди.
Заиф бир сиёсий бирлик “Адолат” деб номланса, у жамиятда адолатни таъминловчи ягона кучга айланиб қолмайди.
“Миллий тикланиш” партиясининг Президентликка номзоди Алишер Қодировнинг дастурида кўчирилган ғоялар ҳақидаги эътирозга жавобан қуйидагилар маълум қилинади:
Биринчидан, Алишер Қодировнинг дастурида судларни бирлаштириш ҳақида умуман гапирилмаган. “Адолатнинг кўзи кўр бўлади” деганда “Адолат” партияси назарда тутилганмикан? Дастурда Халқ қабулхоналарини Маъмурий судлар тизимига қўшиб юбориш ёки уларнинг негизида бепул юридик маслаҳатхоналар ташкил қилиш таклиф қилинган.
Иккинчидан, Тергов қўмитасини тузиш ва Жазони ижро этиш муассасаларини Адлия вазирлигига ўтказиш ғоялари “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурига киритилган.
Ким ғоя ўғриси, бир ўрганиб кўриш керак?! Аввалги тизимда, яъни дастурларни “кимлардир” ёзиб берадиган даврларда “…бу ғоя адолатчиларга кўпроқ тўғри келаркан, суд-ҳуқуқ уларнинг мавзуси” деб, “Адолат” СДПнинг камсуқум, қармоққа илинадиган нарсаси йўқ дастурини жонлантириш учун кўчириб қўйилган бўлиб чиқмаса эди... Журъатларига шубҳам бор, гувоҳлар саломат.
Бу ғоялар учун “Миллий тикланиш” раиси қамоқхоналарга кириб, вазирликлар билан “жанжаллашиб” юрган кезларда адолатнинг ягона ҳимоячиси бўлишга даъвогарлик қилаётган партиянинг раиси саломатмиди? Ёки бегона ғоя барибир бегоналигини қилганмикан?
Қамоқхоналарда китоб ва газета нашриётларининг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Скандинавия мамлакатларининг тажрибаси, озодликдан маҳрум қилинганларнинг айрим тоифаларида эксперимент тариқасида ўқиган китобининг ҳажми ва уққанлик даражасидан келиб чиқиб, жазо муддатини қисқартириш бўйича Жанубий Америка давлатларининг тажрибаси бўйича бўлаётган муҳокамалар “Миллий тикланиш”га оид, адолат нуқтаи назаридан “Адолат”га бериб туришимиз ёки ҳамкорлик қилишимиз мумкин, албатта.
Адолатчиларнинг сиёсий савияси алоҳида мавзу...
Президентликка даъвогар мамлакатдаги долзарб муаммоларни бошқа партиянинг масаласи, деб ёндашадими? Партиянинг қарашларига зид бўлмаган барча мавзуларда ўз ечимларини таклиф қилишдек табиий нима бор? Дастур ва ташаббусларга “Адолат”часига ёндашилса, Президентликка номзодини сўнгги бўлиб тасдиқлайдиган партия номзодининг дастурида кўчирилмаган нима бўлади?
Адолат синмайди, лекин ўйламасдан гапираверса, “Адолат” синади, дейилган муносабатда.