Адолат йўлида кечган умр: Талъат Бобомуродов ибрати
Кекса авлодни қадрлаш, ибратли меҳнатлари билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрийларни улуғлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаси асосида ёшларни тарбиялаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бирига айланган.
Бу эзгу ғоялар, айниқса, умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан яққол намоён бўлади. Ушбу кун халқимизнинг миллий қадриятлари, устоз ва фахрийларга бўлган ҳурмат-эҳтироми янада ёрқин ифодасини топади.
Яқинда суд-ҳуқуқ тизими ходимларидан иборат бир гуруҳ меҳмонлар узоқ йиллар давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган 90 ёшли суд тизими фахрийси Талъат Бобомуродов хонадонида бўлди.
Талъат Бобомуродов узоқ йиллар давомида суд-ҳуқуқ соҳасида самарали ва ибратли фаолият юритган. У киши, айниқса, Самарқанд вилоят хўжалик судининг раиси сифатида қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш йўлида қатъият ва масъулият намунасини кўрсатган.
Эл орасида ҳурмат қозонган Т.Бобомуродов кўплаб шогирдлар тайёрлаб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига катта ҳисса қўшган. Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, “Шавкатли меҳнати учун” медали ҳамда мустақиллик йиллари бошида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Самимий учрашув оддий ҳол-аҳвол сўрашув эмас, балки хотиралар, ҳаётий сабоқлар ва адолат йўлида босиб ўтилган машаққатли йўл ҳақидаги суҳбатга айланди. Талъат Бобомуродов ўз тажрибаси, ҳаёт мактаби ва ёш авлодга қимматли маслаҳатлари билан ўртоқлашди.
Бундай фидойи инсонларнинг ҳаёти, меҳнати, жасорати, ҳалоллиги ва садоқати келажак авлод учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолади.
Ислом Ҳамроқулов,
Самарқанд туманлараро иқтисодий суди раиси.