Адвокат: «Фуқароларнинг шахсий муаммолари элга достон қилинмасин, бошқа ҳокимлар Эркинжон Турдимовдан ўрнак олиши лозим”
ПАХТАЧИ. “Мен – Насим Хидиров, Самарқанд вилояти Пахтачи туманидан ёзмоқдаман. “Адолатли Нусратулла” адвокатлик бюроси адвокатиман.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳар бир туманга бориб сайёр қабул ўтказиб келяпти. Масалан, биргина Пахтачи туманида охирги бир йил ичида 3 марта сайёр қабул ўтказди. Эътиборли жиҳати, ҳар бир фуқарони индивидуал қабул қилиб, шахсан гаплашади ва имкон қадар муаммосини ҳал қилади. Катта зал ёки боғда қабул уюштирилади. Бунда вилоят ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади. Фуқаролар тартиб билан, навбат асосида ҳоким қабулига бориб, ариза топширади ва шахсан гаплашиб муаммосини айтади. Ҳоким ёнида микрофон ва карнайлар бор, лекин ундан фуқаронинг муаммосига қараб тегишли ташкилот раҳбарини чақириш учун фойдаланилади. Фуқаронинг муаммоси барчага ошкор этилиб, у шарманда қилинмайди. Муаммодан тор доирадаги шахслар хабардор бўлади, холос. Агар фуқародан микрофонда гапириш сўралса, кўпчилик олдида уялганидан шахсий муаммосини айтмаслиги мумкин. Масалан, менга ишонч билдирувчи, туман тиббиёт бирлашмасидан ноқонуний бўшатилган Л.У. исмли аёл ҳам ишга қайта тикланди. Мен барча вилоят ҳокимлари шундай тарзда қабул ўтказади деб ўйлаб юрардим.
Кеча “Ўзбекистон 24” каналида Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгаши раиси Жаслиқ шаҳарчасида сайёр қабул ўтказгани, аҳолиси бор-йўғи 4 минг киши бўлган посёлкада қабул умумий мажлис тарзда ташкил этилгани кўрсатилди. Навоий вилояти ҳокими ҳам Хатирчи, Навоий шаҳри ва Кармана туманлари аҳолиси билан сайёр қабул ўтказгани тўғрисида айтилди. Ушбу ҳудудларда фуқаролар муаммосини кўпчилик олдида микрофонда айтишга мажбур экан. Ҳоким ёнига биронта фуқаро яқинлашмади ҳам. Бунда, айниқса, хотин-қизлар мурожаат қилишга ботина олмайди-ку!
Мен адвокат сифатида барча вилоят ҳокимлари ва раҳбарларини Эркин Турдимовдан ўрнак олиб, ҳар бир фуқарони шахсан қабул қилиши ва муаммосини элга достон қилмаслигини сўраган бўлардим”.