Афғонистон ҳукумати мингдан ортиқ “Толибон” аъзоларини озод қилди

AP Photo / File

Бугунги кунга қадар Афғонистон ҳукумати минг нафар “Толибон” террорчилик ҳаракати (Ўзбекистонда тақиқланган) аъзоларини қамоқдан озод қилди, деб маълум қилди мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши.

Бир кун илгари “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги расмий вакили Сухейл Шахин уларнинг қўлида асир бўлиб турган 48 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчиларининг озод этилгани тўғрисида маълум қилган эди.

“COVID-19 инфекцияси билан курашиш мақсадида ва тинчликка эришиш учун ҳукумат қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширмасликка қасамёд қабул қилган 1000 нафар толибон маҳбусларини озод қилди. Энди “Толибон” ҳаракати ҳам Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик ходимларини озод қилишни тезлаштириши, оммавий зўравонликларни тўхтатиши ва ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга тайёрланиши зарур. Бу ишни ортиқ кечиктириб бўлмайди”, дейилган кенгашнинг Твиттер саҳифасида эълон қилинган хабарда.

АҚШ ва “Толибон” ўртасида эришилган келишувга асосан “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳукуматидан қамоқхоналардаги 5 минг нафар кишини озод қилишни талаб қилмоқда. Ўз нафбатида, Афғонистон ҳукумати босқичма-босқич 1,5 минг нафар маҳбусни озод қилишга рози бўлди.