Аҳоли билан мулоқот тизими такомиллаштирилади

Ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланиши энг аввало, унинг фуқаролари билан қандай мулоқот ўрнатганига боғлиқ. Чунки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч тараққиётнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентнинг “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айнан шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжат нафақат давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш, балки фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Фармонда аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштиришнинг бир нечта устувор мақсадлари белгилаб берилган.

Биринчидан, давлат органлари ва аҳоли ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш. Бу ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги, ҳар бир масала ўз вақтида кўриб чиқилишини англатади.

Иккинчидан, Халқ қабулхоналарининг ягона вертикал тизимини жорий этиш. Бу орқали барча ҳудудлардаги қабулхоналар бир тизим асосида ишлайди, бошқарув ва назорат кучаяди.

Учинчидан, “маҳалла еттилиги” ва ахборот хизматлари билан ҳамкорликни кучайтириш. Бу эса мурожаатларни бевосита жойларда ҳал қилиш имконини беради.

Раҳбарлар ҳисоб беради, жавобгарлик ошади

Энди давлат органлари раҳбарлари аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича мунтазам равишда ҳисобот беради. Нафақат юқори ташкилотларга, балки парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳам.

Бу эса очиқликка, масъулиятга ва бошқарув органлари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобдорлигига хизмат қилади.

Энг муҳими, раҳбарлар энди фақат кабинетда ўтириб ишламайди. Улар жойларга тушади, одамлар билан юзма-юз гаплашади, муаммоларни жойида ҳал қилади.

Фармонга кўра, энди Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида ҳокимлар раҳбарлик қилади. Бу эса уларнинг аҳоли билан бевосита ишлашини таъминлайди.

Бу амалиёт орқали “кабинетдан бошқариш” эмас, балки жойлардаги реал ҳолатни ўрганишга эътибор кучаяди.

Фақатгина мурожаатларни кўриб чиқиш етарли эмас. Энг муҳими, улар орқали келиб чиқадиган тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш керак бўлади.

Шу мақсадда:

  • давлат органларида ишчи гуруҳлар ташкил этилади;
  • улар муаммоларни таҳлил қилади;
  • ҳар уч ойда таклифлар тақдим этади.

Бу эса муаммолар такрорланишининг олдини олади.

Рейтинг тизими: ким самарали ишлаяпти?

Шахсий ва сайёр қабулларни рақамлаштириш орқали бутун жараён устидан назорат ўрнатилади. Бу шаффофликни оширади, коррупсия хавфини камайтиради, маълумотларни таҳлил қилиш имконини беради.

Яна бир муҳим янгилик — давлат органлари ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолаш учун рейтинг жорий этилиши. Бу рейтингда мурожаатлар сони, уларни ҳал этиш даражаси, муддатларга риоя қилиш ва такрорий мурожаатлар сони ҳисобга олинади:

Янги тартибга кўра, жорий йил 1-майдан Виртуал қабулхона орқали келиб тушган мурожаатлар устидан кучли назорат ўрнатилади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — мурожаатларнинг автоматик назорати. Агар мурожаат белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда юқори турувчи органга ўтади.

Шунингдек, мурожаатлар:

  • шошилинч,
  • одатий,
  • маслаҳат талаб қилувчи

тоифаларига ажратилади. Бу эса ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашувни таъминлайди.

Самарали таъсир механизми

Президент Халқ қабулхонасига кенг ваколатлар берилган. Энди у:

  • давлат органларидан маълумот талаб қилиши мумкин;
  • текширувлар ўтказади;
  • қонунбузилиш ҳолатларини судга оширади;
  • раҳбарларга мажбурий кўрсатмалар беради.

Хулоса қилиб айтганда, бу фармон фақат ҳужжат эмас. Бу — янги тафаккур, янги ёндашув, янги давр белгиси. Зотан, аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштириш — бу шунчаки маъмурий ислоҳот эмас. Бу давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш демакдир.

Муҳими, бу ислоҳотлар фуқароларни фақатгина кузатувчи эмас, балки давлат бошқарувида фаол иштирокчига айлантиради.

Ё.МАРҚАEВ.