Ажални кулдирган одам

Сабабсиз кулги – аҳмоқлик белгиси. Кўпинча катталар хохолаб кулаётган ёшларга аччиқ қилиб гапириши бор гап. Бу нисбий  айтиладиган ибора деб ҳисобласак, ҳар қандай шифокор қўшимча қилинган табассум соғлиққа фойдали эканлигини тасдиқлайди.

1930 йилда Франция газеталарининг бири cўров уюштириб, французлар кунига ўртача 19 дақиқа кулишини аниқлади. 1980 йилга келиб бу рақам 6 дақиқага тушди. Бошқа бир тадқиқотга кўра, бола кунига тахминан 400 марта, катталар эса атиги 15 марта кулар экан. Ахир катталар туб маънода жиддий бўлиши керак-да. Аёлларнинг кўп кулиши эса уларнинг умрини узайтиришга, эркакларга қараганда кўп умр кўришига ёрдам берар экан.

Гелотология ёки кулги фанининг асосчиси Норман Казинс тарихда ўлимни кулдиришга муваффақ бўлган инсон сифатида танилди. У инсон руҳиятининг касалликдан соғайиб кетишга қўшадиган ҳиссасини ўз ҳаётий тажрибаси орқали кўрди. Ноёб бўғим касаллигидан азият чеккан Казинс ҳатто шифокорлар унга қўл силтаган пайтда ҳам хонага кириб, бир неча соат давомида кинокомедияларни томоша қилди. Натижаси ҳайратомуз бўлди. Бир ҳафтадан сўнг оғриқлар қолиб, бир ойдан кейин у ҳаракатланишни бошлади, икки ойдан кейин эса ишга чиқди. Биз хохолаб кулганимизда танада серотонин, эндорфин ва дофамин каби нейромедиаторлар ажралиб чиқар экан. Кулги - ҳаёт қўзғатувчиси сифатида танамиздаги барча биокимёвий жараёнларни ҳаракатга тушириб, рағбат олишига кўмакдош бўлади.

Бу ҳодиса 50 йил олдин бўлиб ўтган эди. «Saturday Review» нашри бош муҳаррири, куч ва ғайратга тўлган журналист Норман Казинс тўсатдан ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Тана ҳарорати кўтарилиб, танасида оғриқ пайдо бўлди. Соғлиғи ёмонлашиб, бир ҳафта ичида ҳаракатланиши оғирлашди. Бўйнини бура олмай, қўлларини кўтариши қийинлашди, ҳатто овқатланиш учун ҳам жағини очолмай қолди. Шифохонада унга кўпинча сабаблари номаълум ва бир-бирига тўғри келмайдиган юзта ташхисдан иборат бўлган коллагеноз – аутоиммун касаллиги ташхиси қўйилди.

Қўрқув, сиқилиш ва тақдирнинг адолатсизлигидан ранжиган Норман умидсизликка тушди. У яқинлари билан ҳам гаплашмай қўйди, кунларини шифохона девори томон ўгирилиб ўтказарди. Даволовчи шифокор Хитциг уни иложи борича қўллаб-қувватлади, энг яхши мутахассисларни жалб қилди. Лекин касаллик ривожланишдан тўхтамасди. Норман доктордан унинг касаллиги қанча вақт давом этишини сўради. Жавоби эса уни ҳайратда қолдирди: коллагеноз билан оғриган беш юз беморнинг фақат биттаси соғайиб кетар экан.

Ушбу суҳбатдан сўнг Норман кечаси билан ухламай чиқди. Шу пайтгача шифокорлар мен ҳақимда қайғуриб, қўлидан келган нарсаларни қилди. Лекин ёрдам беришолмади. Агар мен тирик қолишни истасам, ўзим ҳаракатланишим ва даволанишни бошқа йўлини ўйлаб топишим керак, деб ўйлади.

У доктор Хитцигнинг олимлар аниқлаб берган касалликларга қарши курашиш учун инсон эндокрин тизими тўлиқ ишлаши кераклигини, руҳий тушкунликка тушганда эса ушбу тизим фаолияти сусайиши тўғрисида айтган гапларини эслади. Бундан ташқари, ҳар бир одамда жуда оддий ва арзон шифо воситаси - кулги бор бўлса.

Казинс таниқли шифокор ва олимларнинг ишларини ўрганишга киришди ва уларнинг ижобий ҳис-туйғунинг муҳимлигига катта аҳамият беришганлигини ўзида синаб кўрди. XVII асрда яшаб ижод қилган шифокор Р.Бартон ўз кузатувларида кулишни шундай тасвирлаган экан: “Кулги қонни тозалайди, танани ёшартиради, юрак хасталигидан сақлайди”.

Файласуф Иммануил Кант ўз ишларида “кулги танадаги барча ҳаётий жараёнларни фаоллаштиради” деб тасдиқлаган. Психолог-невролог ва психоаналитик Зигмунд Фрейд эса “ҳазил-мутойиба инсон руҳиятининг ўзига хос намойиши, кулги эса ноёб даволаш воситаси” деб айтган экан.

Америкалик олим У.Фрей кулгининг юрак, қон томирлари ва нафас йўлларига, шунингдек, мушакларнинг умумий фаоллигига ижобий таъсирини илмий асосда исботлаб берди. Бошқа замонавий олимлар ҳам кулги таъсирида одам мияси ўзидан морфий ажратишини ва у ички оғриқ қолдирувчи вазифасини бажариб инсон танасини бўшаштириш билан бирга касаллик билан курашиш учун бор кучини сарф қилишга ёрдам беришини аниқлаб беришди.

Шифокорларнинг қаршилилига қарамай, у касалхонадан чиқиб, унга касаллик ҳақида ҳеч нарсани эслатмайдиган меҳмонхонага кўчиб ўтди. Унга яқин дўст бўлиб қолган Хитциг доим унинг ёнида эди. Танадаги барча биокимёвий таъсирларни фаоллаштириш учун Казинснинг кулгидан фойдаланиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Меҳмонхонага кинопректор, кулдирадиган фильмлар ва китоблар олиб келинди.

Ўн дақиқалик мажбурий кулгидан сўнг у ўзини ғоятда бахтиёр ҳис қилди. Икки соат оғриқсиз ухлаб ҳам олди. “Оғриқсизлантирувчи” дори таъсири тугаши билан ҳамшира яна кинопроекторни ёқар ёки кулгили ҳикояларни ўқиб берарди. Шу тобда бир неча кун давом этишди. Оғриқлар аста-секин камайиб, Казинсни безовта қилмай қўйди. Кулгининг оғриқсизлантирувчи таъсири исботланди. Энди кулишнинг эндокрин тармоғига таъсирини билиш мақсадида доктор Хитциг Казинсдан киносеансдан олдин ва кейин таҳлил қилиш учун қон олиб турди. Ҳар гал қон таҳлили танадаги яллиғланиш камайиб бораётганини кўрсатди. Казинснинг руҳи кўтарилди, “Кулги – энг яхши дори”, деган мақол физиологик асосга эга бўлди.

“Кулгитерапия” дастури авж олди. Казинс кунига олти соатдан кам кулмасди. Кўзлари шишиб кетарди ва бу соғайиш кўз ёшлари эди. Шамоллашга қарши дори воситалари камайтирилиб, кейинчалик умуман дори ичмай қўйди, уйқуси маромига қайтди.

Бир ойдан сўнг у бармоқларини қимирлата бошлади. У кўзларига ишонмасди, баданидаги йўғонланиш ва тугунлар пасайиб борди. Яна бир ойдан сўнг каравотда фаол ҳаракатлана бошлади ва бу жуда яхши ҳолат эди. Оёққа туриш пайти келди, лекин қўлини баланд кўтариб, токчадан китоб олишга қийналарди. У касалликдан халос бўлиб, ишга қайтиши мумкин бўлди. Шунинг ўзи Казинс учун ҳақиқий мўъжиза эди.

Ўн йил ўтиб Казинс тасодифан ўзини ҳаракатсизликка ва кейинчалик ўлимга маҳкум қилган шифокорлардан бирини учратди. У Казинсни тирик ва тетик ҳолда кўриб, ниҳоятда ҳайратланди. Саломлашиб, Норман докторнинг қўлини шу қадар қаттиқ сиқдики, у оғриқдан бужмайиб қолди.

Казинснинг ҳар бир инсон ўзи билмайдиган ва ишлата олмайдиган шифобахш кучга эга, деган шахсий назарияси бор эди. Ўспиринлигида сил касаллиги сиҳатгоҳига тушиб, ҳаётга некбинлик билан қарайдиган касаллар тезроқ соғайиб, умидсизлари эса соғайишга мойиллиги паст эканлигини кузатганди.

Норман Казинс умрининг охирги йилигача Калифорния университетининг медицина мактабида фаолият юритди. У ёшларга ҳар бир беморда даволовчи кураш руҳини фаоллаштиришни ўргатган биргина медицина маълумотига эга бўлмаган ўқитувчи бўлган бўлса керак.

1976 йилда Норман Казинс “Касаллик анатомияси (бемор нуқтаи назаридан)” автобиографик китобини нашрдан чиқарди. Муаллиф ўзининг тажрибасига таяниб, инсондаги ижобий ҳис-туйғу ҳатто жиддий касалликни даволай олишини намоён қилди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.