Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ажрим боланинг отаси билан кўришишига чеклов дегани эмас

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг бу ҳуқуқига таъсир қилмайди. Яъни, ота ва она алоҳида яшаган ҳолда ҳам бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга бўлади.

Аммо айрим кишилар борки, турмуши бузилганлиги сабабли, болани ота (ёки онаси) билан кўришишга рухсат бермайди. Бундай ҳолларда вояга етмаганлар, яъни болаларнинг ҳуқуқлари васийлик ва ҳомийлик органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд ҳокимияти томонидан муҳофаза қилинади.

Азамат Қодиров (исми, шарифи ўзгартирилган) 2007 йилда Баҳора Қодирова билан қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган ва биргаликдаги турмушларидан Одинахон ва Муродбек исмли икки нафар фарзандли бўлишган. Ўрталаридаги келишмовчиликлари сабабли улар 2019 йил октябрь ойидан буён алоҳида яшаб келишмоқда.

Фарзандлар эса Баҳора Қодированинг қарамоғида тарбияланиб келмоқда. А.Қодиров фарзанди билан кўришиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш мақсадида Б.Қодированинг яшаш уйига борган вақтида у фарзандларини кўрсатмасдан қаршилик қилиб келган. Мазкур ҳолатда А.Қодиров судга фарзандлари билан кўришиш ва тарбиясида иштирок этиш вақтини белгилаш тўғрисидаги даъво ариза билан мурожаат қилган.

Суд амалдаги қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, А.Қодиров болаларнинг отаси, бола билан кўриш хуқуқига эга эканлигини, фарзандлари вояга етмаганлигини, унинг фарзандлари билан кўришига монелик қиладиган ҳолатлар йўқлигини, васийлик ва ҳомийлик органи томонидан отага ижобий хулоса берганлигини инобатга олди.

Ҳал қилув қарори билан А.Қодировни фарзандлари билан учрашиш вақтини ҳар ойнинг биринчи ва учинчи шанба кунлари дарсдан сўнг 17:00 дан якшанба куни 13:00 га қадар ва маҳалла фуқаролар йиғинининг вакиллари иштирокида уйига олиб кетиш шарти билан белгилаб берди. Бир сўз билан айтганда болаларнинг отаси билан кўришиш ҳуқуқи бузилиши ҳолатига чек қўйилди.

Шержаҳон ЗАЙНИДДИНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси катта ёрдамчиси.