Актрисанинг ўлимига оид қўшимча маълумотлар тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти актриса Гавҳар Шарипованинг ўлими билан боғлиқ қўшимча маълумотларни тақдим этди.
Унга кўра, 2019 йил 18 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда 29 ёшли Ф.Ш. бошқарувидаги «Исузу» русумли (юк ташувчи) автомашинаси билан «Самарқанд-Ғузор» йўналишидаги А-378 йўлнинг Қашқадарё вилояти Ғузор тумани, Ярғунчи маҳалласи ҳудудидан ўтган 140 километрга келган вақтида йўловчи сифатида кетаётган Шарипова Гавҳар Ҳасановна билан ўзаро келишмовчилик юзага келган. Бунинг оқибатида Г.Шарипова автомашина эшигини очиб тушиб қолмоқчи бўлганлигини кўра туриб, Ф.Ш. тезликни пасайтирмасдан ҳаракатланишда давом этган. Сўнг Г.Шарипова транспорт воситасидан тушиб кетиб, турли даражадаги тан жароҳатлари олган ва ҳодиса жойида вафот этган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳума Г.Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисасига хос оғир тан жароҳати олинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ҳамда натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилинади.