Алимент пулини бобо ва бувидан ундириш мумкинми?

“Алимент тўловчи шахснинг расмий даромади йўқ”, “Отанинг номида ҳеч қандай мулк йўқлиги сабаб алиментни ундириш имконсиз”,.. Алимент борасида тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган бу гап-сўзлар кишида наҳотки қонунчиликда мазкур ҳолатлар инобатга олинмаган бўлса, деган фикрни уйғотади. Аслида Оила кодексида бунинг қонуний ечими кўрсатган.  

Хусусан, Кодекснинг 123-моддасига кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин.

Хўш, бу тартиб қандай ҳолларда татбиқ қилинади? Қонунчиликка мувофиқ, бобо ва бувининг зиммасига вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбуриятини юклаш учун биринчи навбатда вояга етмаган невараларнинг ота-онаси, яъни шу неварага бобо ва буви бўлган шахсларнинг болалари йўқлиги, шунингдек, бобо ва буви вояга етмаган невараларига таъминот бериш учун етарли маблағга эга бўлиши шарт.

Улар нафақат вояга етмаган невараларига, балки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларига ҳам таъминот беришлари лозим бўлади. Бунда меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларининг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, бобо ва буви уларга таъминот бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Бунинг акси сифатида невараларнинг ҳам бобо ва бувисига алимент (таъминот) бериш мажбурияти бор. Жумладан, ўзларининг вояга етган (оила кодекси 124-модда) болаларидан ёхуд эри ёки хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) таъминот ололмайдиган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бобо ва бувига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган вояга етган меҳнатга лаёқатли неваралар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Содда қилиб айтганда, неваралар ҳам ўзларининг бобо ва бувиларига таъминот (алимент) беришлари лозим бўлади.

Мансур ҲАСАНОВ, вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.