“Алиментдан шикоят қилаверсанг, уйсиз ҳам қоласан!”

Аслида ушбу муаммони тегишли ташкилотларга хат жўнатиб, элга ошкор қилмасдан ҳам ҳал қилиш имкони бор эди. Таҳририятга келаётган аксарият мурожаатлар шу йўсинда ҳал этилади. Бу сафарги мактуб бир қараганда оддийгина алимент тўламаслик ҳақда. Бундай мурожаатлар доимийлари сирасига кириб қолган. Лекин ундаги баъзи фикрлар кўпчиликни ҳушёрликка тортар деган хаёлда парчалар келтирамиз.

“Мени қиз туғдинг деб ҳар сафар калтакларди. Ҳозир тўртта қизим бор, улар катта бўлиб қолишди. Ҳар замон келиб қолса яна калтаклайди, қизларимга ҳам қўл кўтаради. ЗАГСдан ўтмаганмиз, ҳозир бошқа аёлга уйланиб олди, у ўғил туғиб беради, деб. Лекин у аёл ҳам қизчалик бўлди.

Руҳий қийналишлар, калтаклардан бир неча марта сариқ касалини бошимдан ўтказдим, ишга ярамай қолдим. Қизларим мактабдан таътил пайтлари кунлик ишлайди. Эрим кетиб қолганига саккиз йил бўлди. Балки ўзига келиб қолар, ўзгарар, деб кутдим. Кейин ноилож алиментга бердим. 2022 йил суд қарори чиқиб, ҳар ой тўрт нафар қизим учун алимент тўлаши лозим эди. Шуни ҳам бир тўлаб, бир тўламай келяпти. Яқинда болаларимнинг отаси “Агар алиментдан шикоят қилаверсанг, ўтирган уйингдан ҳам қуруқ қоласан”, деб дағдаға қилди. Аслида бу ер қайнонамга тегишли, уй қуришда ўзимнинг ота-онам ёрдам беришди.

Ўзим касалманд бўлсам, болаларим ҳали вояга етмаган, шундай бўлсаям катта қизим кунлик ишга чиқади баъзида. Сизлардан илтимос, алимент пулини ўз вақтида ундирилишида ёрдам беринг, деб Д.Р. Ургут тумани, Хўжайдуқ маҳалласи.”
Бу оиладаги муаммолар: никоҳ расмийлаштирилмаганидан бошланган. Кейин кетма-кет болалар туғилган, уларга туғилганлик гувоҳномалари олинмаган. Аёл калтакланган, аммо чидаб, саломатлигига путур етказиб, яна фарзанд кўрган.

ТАҲРИРИЯТДАН: Маҳалла вакиллари билан суҳбатлашганимизда Диёранинг “Аёллар дафтари”га киритилгани, унга мазкур дафтарда белгиланган ёрдам кўрсатилгани, фарзандларининг туғилганлик ҳақда гувоҳнома олишига кўмак берилгани айтилди. Бу ёрдамлар ҳаммаси муаммолар кўзга ташлангандан сўнг кўрсатилган. Оиладаги вазият эса неча йиллар давомида чигал бўлиб келмоқда. Унгача бу оила наҳотки ҳеч кимнинг назарига тушмаган бўлса? XXI асрда ҳам қиз фарзанд кўряпсан деб оиласини ташлаб кетаётганлар учраётгани ачинарли албатта.