"Тузалмас дард чекинаяпти"

«Ишга энди келган йилларимни хотирлайман, аҳвол жуда аянчли эди. Коридордан, палаталардан таралаётган қон ҳидига чидаб бўлмасди. Ҳар куни ўлим ҳолати, шифокор мутахассис кам. Борлари ҳам бу шароитда ишлашга кўниколмайди...»

Яқиндагина мамлакатимиз раҳбари Фармонига кўра, II даражали Саломатлик орденига сазовор бўлган Зокир Саъдиев билан суҳбатимиз шифокорнинг бу даргоҳга ишга келган йилларидан бошланди.

- Бу йил ушбу даргоҳда ишлаганимга роппа роса 30 йил тўлди, - дея гапириб беради вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлими мудири Зокир Саъдиев. – Гематология бўлимида аҳвол жуда аянчли эди ўша пайтлар. Оқ қон билан оғриган беморларга қуйилаётган қон плазмасининг сифати яхшимас, ҳар куни ўлим ҳолати кузатиларди. Шифокор саноқли, бемор кўп, даволашнинг самарадорлик кўрсаткичи жуда паст. Бундай шароитда ишлаш кишига маънан оғриқ беради, ишингдан кўнглинг тўлмайди, лекин ўзгариш бўлишга ишончинг, умидинг сўнмайди. Ўша йиллари устозимиз Иляс Богданов ҳамкорлигида қатор изланишлар олиб бордик. У кишининг ташаббуси билан илк бор янги даволаш усули – BFM жорий этилди ва яхши самара бера бошлади. Йиллар ўтгани сайин даволаниш янада такомиллашди, соғаяётган болажонлар сони кўпайди.

Айниқса, кейинги йилларда уларни дори-дармон билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, тўлиқ таъминот амалга оширилаяпти. Бугун 70 фоиз болалар узоқ муддатли ремиссияга чиқаяпти. Яъни, икки йил тўлиқ, режали асосда муолажа олгач, уч йил яна шифокор назоратида бўлади ва шундан кейин улар тўла назоратдан чиқарилади. Бу дегани улар тўла соғайиб кетиши ва қайта касалланмаслигига ишонч бор. Афсуски, баъзида бемор болаларнинг ота-оналари ташхисни эшитгач, қўрқиб кетишади. «Йўқ, мени болам оққон касалига чалинмаган», дея табибларга боришади. Афсуски, болани аҳволини оғирлаштириб келганларам кўп.

Яқин йилларда ушбу марказда биз орзу қилган яна бир муҳим муолажа – илик кўчириш операцияси амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Яхши биласиз, бемор болалар бу ерда узоқ муддат даволангани сабабли дарсларни ўзлаштирмай қоларди. Яқинда шу бўлимнинг ўзида “Меҳрли мактаб” очилди. 

Тиббиётдаги ўзгаришлар ҳар ойда кўзга ташланяпти. Мамлакатимиз раҳбари бу масалага энг долзарб вазифа сифатида эътибор қаратаётгани қуйи тизимларда яққол сезилаяпти. Мустақиллик байрамининг 33 йиллик табригида ҳам бу соҳа алоҳида тилга олдилар. “Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратмоқдамиз. Булар, аввало, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлашдан иборат”.

Шифокор учун беморнинг тузалиб, кўзлари чақнаб кетишидан ортиқроқ шараф йўқ. Шу масалада бугун давлатимиз томонидан йирик кўламдаги ишларнинг олиб борилаётгани саломатлик посбонларига эътибор ҳамдир.

Гулруҳ МЎМИНОВА.