Тозалик шарт, лекин болангиз саломатлигига эътиборли бўлинг

Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникасининг торакал хирургия бўлимига қизилўнгачнинг кимёвий куйиш жароҳати билан келтирилаётган болалар сони ошиб бормоқда.
Албатта, ҳеч бир ота-она бундай бўлишини хоҳламайди. Аммо, уларнинг эътиборсизлиги, кундалик турмушда турли хил маиший кимё воситаларидан фойдаланишдаги эҳтиётсизлиги охир-оқибат қимматга тушмоқда. Гап айни пайтда хонадонларда ошхона, ҳаммом ва бошқа санитария хоналарида фойдаланилаётган ювиш воситалари ҳақида бормоқда. Тўғри, улар ёрдамида тозаликни сақлаш, турли микробларни йўқ қилиш мумкин. Бироқ уларнинг барчаси таркибида инсон саломатлиги, айниқса, болалар учун хавфли кимёвий моддалар борлигини унутмаслик лозим. Барча ювиш воситаларида мавжуд энг кучли реагент – ишқорнинг ўзи инсон организми учун қанчалик ёмон таъсир қилишини айтишнинг ҳожати бўлмаса керак. Бола ҳаёти учун эса бир неча томчи кимёвий суюқликнинг ўзи жуда катта хавф ҳисобланади.
Ўтган йил клиникамизда кимёвий воситалар натижасида қизилўнгачи куйган 70 нафарга яқин болани даволаган эдик. Улар 1,5 ёшдан 5 ёшгача бўлган, яъни дунёни фаол ўрганиш ёшидаги болалардир. Аксарияти ёрқин қадоқлар, ғайриоддий ҳидларга берилиб кетиб, ювиш ёки тозалаш воситаларини истеъмол қилган. Яна шундай ота-оналар борки маиший тозалаш воситаларидан тез-тез фойдаланиш учун уни пиёла, коса ва бошқа идишларга солиб стол устига, дераза олдига ёки токчаларга кўйишади. Болалар эса бу заҳарли моддани ичимлик деб ўйлаб ичиб юборади. Бундай ҳолатлар ҳам тез-тез учрайди. Оқибатда, болалар қизилўнгачнинг оғир кимёвий куйиши билан бизга олиб келинади.
Фаолиятимизда аккумулятор суюқлигини ичиши натижасида қизилўнгачнинг жуда оғир куйиши билан келтирилган болани операция қилишимизга тўғри келган. Маълум бўлишича, боланинг отаси бу суюқликни яхна ичимлик идишига солиб машинада қолдирган ва фарзанди уни татиб қўрган.
Таркибида ишқор бўлган ювиш воситасини ичган бошқа бир гўдак нафақат қизилўнгачни, балки ошқозон ва ўн икки бармоқли ичагини ҳам куйдириб, унда чандиқлик торайиш ҳосил қилган.
Биз иккала боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолдик, аммо бунга анча тер тўкишга тўғри келди. Болаларнинг ўзи эса кўп азоб-уқубатларни бошдан кечирди.
Кези келганда ота-оналарга даволаш натижаларига таъсир қилувчи энг асосий омил вақт эканлигини эслатиб ўтмоқчиман. Шундай ҳолат содир бўлганда қанча эрта шифохонага мурожаат қилишса, даволаш самарали, асоратлар камроқ бўлади. Кимёвий модда истеъмол қилган болани ҳеч қачон ўзингизча ёки сохта табиблар маслаҳати билан даволашга, турли гиёҳлар ичиришга уринманг. Бу касалликни янада оғирлаштиради.
Замонавий тиббиётда қизилўнгач куйиши шикастланиш даражасига қараб турлича даволанади. Масалан биринчи даражали куйиш бўлса, консерватив даво қўллаймиз. Илгари иккинчи ва учинчи даражали куйишда чандиқли торайиш билан асоратланган беморларга гастростома қўйишга тўғри келган, унинг ёрдамида қизилўнгачни “ип ўтказгич” ёрдами билан бужлаш (кенгайтириш) амалга оширилган. Бундай даволаш усули энг мақбул деб ҳисобланган. Бизда бундан бошқа даволаш усулларини қўллаш борасида ҳам профессор Азамат Шамсиев раҳбарлигида ёш мутахассисларимиз томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда ва самарали, ўзини оқлаган методлар қўлланилмоқда. Айни пайтда икки нафар ходимимиз ушбу йўналиш бўйича номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш арафасида. Кўп йиллик тадқиқотлар, илмий асосланган хулосалар ва натижалар ҳосиласи бўлган бу илмий тадқиқотлар кичик беморларимизни даволаш сифатини янада такомиллаштиришига ишонамиз.
Сўнгги уч йил давомида биз ушбу касалликни даволашнинг кам инвазив усулидан фойдаланмоқдамиз. Бу услуб қизилўнгачни кенгайтириш учун видеоезофагоскопия ёрдамида ўтказгич қўйиб бужлашдан иборат. Процедура ёқимли эмас, лекин кам шикастли усул ҳисобланади. Қизилўнгач куйишини даволаш узоқ вақт талаб қилади ва бунга бола ҳам, ота-она ҳам эътиборли бўлиши лозим.
Яхшиси, маиший тозалаш воситаларини болалар қўли етмайдиган жойда сақланг ва уларни бу хавфдан эҳтиёт қилинг. Шунда ҳаммаси жойида бўлади.
Жамшид Шамсиев,
Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникаси бош врачи.