Одам “яроқсиз” ҳолга келиб қолиши мумкинми?

Бугун ҳатто ёшлар ҳам қон босими баландлигидан шикоят қилади. Афсуски, бу инсон организмига жиддий сигнал.

Чунки қон босими ўзи билан бир неча хил касалликларни етаклаб келади ва инсон вужудини қисқа фурсатларда толиқтириб, унинг меҳнатга яроқлилик даражасини кескин пасайтиради. Инсон ўзига эътиборли бўлмаса, кимнингдир ёрдамига таяниб қолади. Буни эса ҳеч ким истамайди. Хўш, оддий айтганда “яроқсиз” ҳолга келиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Артериал гипертензия, яъни артериал қон босими ўз вақтида даволанмаса, гипертензия юрак-қон томир касалликлари, буйраклар шикастланиши ва умумий ўлим хавфини оширади. Юқори қон босимига генетик мойиллик, нотўғри овқатланиш, семириш, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги, стресс, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва чекиш каби омиллар сабаб бўлиши мумкин. Юқори қон босимининг асосий белгилари - бош оғриғи, бош айланиши, кўришнинг хиралашуви, нафас қисилиши, кўкрак ёки оёқ-қўлларда увишиш, бўйин ёки бошдаги пульсация ҳисси бўлиши мумкин. Бироқ кўплаб кишиларда юқори қон босими узоқ вақт давомида ҳеч қандай белгиларсиз кечиши мумкин. Бу эса хавфни орттиради ва жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Энг муҳими, жисмоний фаоллик

Гипертензияни ҳар қандай сурункали прогрессив касаллик каби даволашдан кўра олдини олиш осонроқ. Шунинг учун, айниқса, оғир ирсиятга эга бўлган одамлар учун гипертензиянинг олдини олиш муҳим вазифадир.

Аввало, қон босими юқори ёки чегара меъёрида бўлган ҳар бир киши, айниқса, ёшлик ва ўсмирлик давридан бошлаб гипертониянинг олдини олиш ҳақида ўйлаши керак.

Гипертензиянинг бирламчи профилактикаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

*марказий асаб тизимининг фаолиятини нормаллаштириш (стреснинг олдини олиш).

* очиқ ҳавода машқ қилиш ва терапевтик жисмоний тарбия (тоза ҳавода узоқ юриш, велосипедда юриш, боғда сайр).

*уйқуни нормаллаштириш (8 соатлик уйқу).

*рационал овқатланиш.

Истеъмол қилинган килокалорияларни диққат билан ҳисобланг, ёғларни ортиқча истеъмол қилманг. Сиз кунига 50-60 граммдан кўп бўлмаган ёғ истеъмол қилишингиз мумкин ва уларнинг 2/3 қисми ўсимлик ёғлари бўлиши керак: маккажўхори, кунгабоқар ёғи. Кўп миқдорда ҳайвон ёғларини ўз ичига олган овқатларни чеклаш - сут, сариёғ, сметана каби. Рационда етарли миқдорда оқсиллар бўлиши керак: ёғли бўлмаган балиқ, парранда гўшти, ёғсиз сут, творог, қатиқ ва бошқалар. Осон ҳазм бўладиган углеводларни истеъмол қилишни чеклаш керак: шакар, қандолат маҳсулотлари, шоколад, гуручли дон маҳсулотлари.

*Озиш (семизлик ҳолатида). Оғирликни йўқотмасдан, гипертензиянинг олдини олиш ҳақида гапириш тўғри бўлмайди. Сиз тезда вазн йўқотишга ҳаракат қилмаслигингиз керак; тана вазнини ойига 5-10 фоизга камайтиришингиз мумкин.

*Ош тузини истеъмол қилишни камайтиринг (кунига 6 граммдан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол қилинг).

*Калий, кальций ва магний тузлари кўп бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш лозим. Мисол учун, кам ёғли творог, кашнич, ловия, ўрик, лавлаги, пиширилган картошка, қуритилган ўрик.

Муолажада мунтазамлик лозим

Иккиламчи профилактика артериал гипертензия ташхиси қўйилган беморларда амалга оширилади. Унинг мақсади асоратлар пайдо бўлишининг олдини олишдир. Бундан ташқари, ушбу турдаги профилактика иккита компонентни ўз ичига олади: артериал гипертензияни дори-дармонсиз даволаш ва антигипертензив (дори) терапия. Агар ҳар бир инсон ирсиятни ва атроф-муҳитни ўзгартиришга қодир бўлмаса, унда соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиши жуда муҳим. Антигипертензив терапия - юқори қон босимини пасайтиришга қаратилган шифокор томонидан тайинланган дори воситалари. Артериал гипертензия билан оғриган беморлар шифокорнинг тавсияларига қатъий риоя этишлари ва рецепт бўйича дори-дармонларни қабул қилишлари ва шу билан асоратлар хавфи олдини олишлари керак. Кўпчилик даволанаётган пайтда ҳам бугун қон босимим йўқ-ку, дея истеъмол қилаётган дориларига эътиборсиз бўлади. Бу нотўғри.

Артериал гипертензиянинг олдини олиш эрталаб ва кечқурун қон босими даражасини мунтазам равишда кузатишни ўз ичига олади. Даволовчи шифокорнинг тавсияларига қатьий риоя қилиш, аҳволи ёмонлашганда, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади. Юқори қон босими эҳтиёткорлик ва доимий мониторингни талаб қиладиган касалликдир. Соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш, ўртача жисмоний машқлар ва стресни камайтириш қон босимини назорат қилиш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришда муҳим роль ўйнайди. Ўз аҳволингиздан хабардор бўлиш, қон босимингизни мунтазам ўлчаб, шифокорга эрта мурожаат қилиш соғлиғингизни сақлашга, фаол ва тўлақонли ҳаёт кечиришга ёрдам беради.

Хушнуд Низомов,

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят минтақавий филиали директори.