Аллергик ринит қандай касаллик?

Кунлар совуши билан аҳолида сурункали ва мавсумий хасталиклар пайдо бўлади.

Аллергик ринит ана шундай касалликлардан ҳисобланади. Бу - буруннинг сурункали яллиғланиши бўлиб, статистик маълумотларга кўра, 25 фоиз аҳоли бу касалликка чалинган.

Aллергик ринитнинг асосий белгилари:

- бурундан тиниқ ва кўп миқдорда оқмалар оқиши;

- аксириш, терининг қичиши, томоқ оғриғи;

- бурун битиши;

- юқори бўлмаган ҳарорат;

- тошмалар;

- овқат ҳазм қилишнинг бузилиши.

Aллергик ринитда белгиланган даволаниш билан бир қаторда гипоаллергик парҳезга риоя қилиш керак. Ёнғоқ, ерёнғоқ, нок, банан, киви, селдерей, қизил олма, газланган ичимликлар истеъмол қилиш мумкин эмас. Кам-камдан тез-тез, парҳез билан овқатланиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, эрта тонгда ёки ёмғирдан кейин пиёда юриш керак. Лекин шамолли, совуқ ҳавода сайр қилиш керак эмас. Имкон қадар ташқарида ниқобда юриш зарур. Уйни кимёвий моддаларидан фойдаланмасдан тез-тез тозалаб туриш мақсадга мувофиқ. Кўчадан келганингиздан кейин кийимингизни алмаштиришингиз, юз-қўлингиз ва бурун бўшлиғини ювишингиз керак. Патли ёстиқлар энг яхши синтетик гипоаллергиклар билан алмаштирилиши лозим.

Ўзингизча, мустақил даволанмаслик кераклигини унутманг, чунки бу жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Алишер Ҳайитов,

СамДТУ 2-сон оториноларингология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди