Америка сеҳрли диёр, аммо қўл етмас эмас

Кейинги йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди, турли соҳаларда ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзаро савдо ҳажми, тармоқларга сармоя киритиш, таълим, тиббиёт, IT ва бошқа кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи чоғида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, ишга солинмаган имкониятлардан биргаликда фойдаланиш мақсадида муҳим келишувларга эришилди.

АҚШ давлат департаменти эълон қилган маълумотга кўра, Президентимизнинг Вашингтонга ташрифи чоғида саноат, авиация, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, аниқланган минерал конлардан биргаликда фойдаланиш, муҳим минераллар ва нодир металлар таъминоти занжирини мустаҳкамлаш, кичик модулли реакторлар сотиб олиш, авиация, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган.

Шунингдек, автомобиль қисмлари импорти, UzAuto Motors компаниясини хусусийлаштириш жараёнида АҚШ компаниялари иштирокини кенгайтириш, Ўзбекистонда метанол ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши, маҳаллий метанолдан олефин ишлаб чиқариш, кўмирдан кимёвий маҳсулотлар олиш борасида ҳам битимлар тузилган. Хавфсизлик ва қонун устуворлиги соҳасида икки давлат халқаро жиноий ташкилотларга қарши курашда маълумот алмашади, ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши чораларни кучайтиради.

Массачусетс штати, Бостон шаҳридаги “NORTHEASTERN UNIVERSITY”нинг молия ва бошқарув ҳисоби факультетида ўқиб юрган пайтларимда АҚШнинг иқтисодий имкониятлари, у ердаги замонавий технологиялар, илмий ишланмаларга ажратилаётган сармояларга гувоҳ бўлганман. Бу давлатнинг иқтисодий имкониятлар ва потенциали жуда катта. Америка компаниялари зарур технологиялар ва молиявий имкониятларга эга, шу билан бирга, вольфрам ва молибден каби муҳим минераллардан тайёрланган маҳаллий маҳсулотларнинг узоқ муддатли истеъмолчилари ҳисобланади.

Президентимиз 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказганди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий йўналишлари сифатида энергетика, стратегик хомашё, логистика ва IT соҳаларига алоҳида эътибор қаратди.

Вилоятимизда ҳозирда АҚШ капитали иштирокида жами 18 та, шундан 14 та қўшма корхона ҳамда 4 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи "MAROKAND PENSYLVANIA TRADE” қўшма корхонаси, “BOUTIQUE HOTEL MEDINA" МЧЖ меҳмонхона хизмати йўналишида, Нуробод туманида “BILOLBEK BOBURBEK BIZNES" қўшма корхонаси савдо хизматини кўрсатиб келмоқда.

2024 йилда 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида АҚШдан 4,1 миллион доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Хусусан, "SAMIT GLOBAL INC" негизида IT марказини ташкил этиш лойиҳаси доирасида 3 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида АҚШ давлатидан жами 38,8 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Хусусан, “Sam ever green” МЧЖ томонидан қуёш станцияси ташкил этиш лойиҳаси доирасида 14 миллион доллар, “SAMARQAND OXYGEN SERVICE” МЧЖ томонидан савдо маркази ташкил этиш лойиҳаси доирасида 4,5 миллион доллар хорижий инвестиция йўналтирилди. Икки давлат ўртасида алоқалар яхшиланиши доирасида жалб этиладиган сармоялар ҳажми ҳам ортиб бормоқда.

Вилоятимизнинг АҚШ билан ўзаро товар айланмаси 10 миллион долларни ташкил этиб, 2,4 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилган. АҚШга асосан майиз, гилам ва гилам маҳсулотлари, қалампир, қуритилган ва консерваланган мева-сабзавотлар, ичимликлар сотилган.

Шероз Собиров,
вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.