Ўзбек режиссёр ва актёрлари Голливудда кино оляпти

Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильмни суратга оляпти.
Бадиий фильмни яратиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Ҳозирда фильмнинг съёмка жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Ижодий гуруҳ Ўзбекистондаги тасвирга олиш ишларини якунлаб, АҚШда суратга олиш ишларини давом эттирмоқда.
- Ўзбек киноижодкорларининг Голливудда ўз қаҳрамонлари ҳақида фильмлар яратишини тасаввур қилиш қийин эди, энди эса бу ҳақиқат. Ушбу лойиҳани амалга оширишда ёрдам ва кўмак кўрсатаётган Ўзбекистон Кинематография агентлигига алоҳида миннатдорлик билдираман, – деди “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК раҳбари, фильм сценарий муаллифларидан бири Фурқат Усмонов.
Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов Голливудда фильмнинг қайси эпизодлари суратга олинаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди:
- Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги ойлари АҚШда ўтган. У Техас штатининг Хьюстон шаҳрида яшаган - дея шарҳлайди Музаффархон Эркинов. - Шу сабабли шоирнинг қизи Мавлуда Орипова хонадонида, шунингдек, шоир сайр қилишни жуда яхши кўрган Тинч океани соҳилларида эпизодлар суратга оляпмиз. Биз бу эпизодларни Голливудда суратга олдик. Фильмда шоирнинг набираси ҳам ўз образини ўзи гавдалантирмоқда.
Суратга олиш ишлари АҚШнинг Хьюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида олиб борилмоқда. Фильмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро этмоқда. Бундан ташқари, кинокартинада шоир Шодмонқул Салом, маҳоратли ёш актриса Райҳон Асадова ва бошқа маҳоратли актёрларни ҳам кўриш мумкин.
Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов. Постановкачи режиссёр Музаффархон Эркинов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов.
Фильм премьераси йил якунига режалаштирилган.