Американинг айрим штатларида коронавирусдан касалланиш ҳолати расмий маълумотлардан 13 баробар кўп бўлиши мумкин
Бу ҳақда Worldometers портали тақдим этган маълумотлар гувоҳлик бермоқда.
22 июль Тошкент вақти билан соат 06:30 ҳолатига кўра, дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 15 091 880 нафарга етди. Умумий ҳисобда 619 410 нафар бемор вафот этган.
Ушбу кўрсатгич 18 июль куни 14 миллионга етган эди. Шу тариқа тўрт кун ичида бир миллион киши коронавирус инфекциясини юқтириб олгани аниқланди.
Worldometers ҳисоботи Жонс Хопкинс университети ҳисоботидан бироз фарқ қилади. Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, бугунги кунга қадар дунёда 14 893 706 нафар касалланиш ҳолати аниқланган.
АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази мутахассисларининг фикрича, АҚШда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг реал сони расмий маълумотлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар касаллик юқтирганлигига шубҳа қилинмаётган аҳоли орасида коронавирусга қарши анти таначалар бор одамларни аниқлаш мақсадида таҳлил ўтказишди. Таҳлилдан ўтганларнинг кўпчилигида енгил ҳолатда кечаётган коронавирус инфекцияси аниқланди. Шундан сўнг мутахассислар, айрим штатлардаги касалланиш ҳолати расмий маълумотлардан 13 баробар кўп бўлиши мумкин, деган хулосага келди.